ФҲДЁ идораларида «метрика»га ортиқча маблағ ундирилаётгани ҳақидаги хабар юзасидан муносабат билдирилди
ФҲДЁ идоралари ходимлари томонидан туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома учун ортиқча маблағ ундирилаётгани тўғрисида изоҳларларга Давлат хизматлари агентлиги расмий муносабат билдирди.
Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда ФҲДЁ идоралари ходимлари томонидан туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаларни расмийлаштиришда ортиқча маблағ ундирилаётгани тўғрисида изоҳлар кўпайди.
«Давлат божи тўғрисида»ги қонунига асосан, туғилганлик ҳақида, никоҳни қайд этганлик, никоҳни бекор қилганлик тўғрисида, ўлим ҳақидаги ёзувлар ўзгартирилганлиги, уларга қўшимчалар киритилганлиги, тузатилганлиги ва қайта тикланганлиги муносабати билан гувоҳномалар берганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 фоизи миқдорида (бугунги кунда 22 300 сўм) давлат божи ундирилиши кўрсатилган. Бунда агар аввал далолатнома ёзувлари тўлдирилган бўлса ва боланинг туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзувига ўзгартириш киритилиб, янгидан гувоҳнома берилган холларда тўлов ундирилади.
Шунингдек, муносабатда Вазирлар Маҳкамасининг «Гербли гувоҳномалар шаклларини ва уларни берганлик учун герб йиғими миқдорини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига кўра, ФҲДЁ бўлими томонидан янги гербли гувоҳномалар берганлик учун (ўлим ҳақидаги гербли гувоҳнома бундан мустасно) герб йиғимининг миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 фоизи (33 450 сўм) миқдорида белгилангани таъкидланган.
«Адлия вазирининг тегишли буйруғи билан ФҲДЁ органлари томонидан жисмоний шахсларга кўрсатиладиган пулли хизматлар тўғрисидаги низом тасдиқланган. Унга кўра, никоҳдан ажралганлик, туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзувларини тиклаш, фамилия, исм ва ота исмини ўзгартириш каби фуқаролик ҳолатлари далолатномалари бўйича ҳуқуқий тушунтириш бериш ва уларга тегишли ўзгартириш киритиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 фоиз миқдорида (бугунги кунда 22 300 сўм), фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувларини қайд этиш билан боғлиқ бўлган аризаларни тўлдиришда ёрдам берганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 фоиз миқдорида (бугунги кунда 4 460 сўм), сайёр тартибда никоҳни тантанали қайд этиш (транспорт харажатларидан ташқари) учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 фоиз миқдорида ихтиёрий пуллик хизмат ундирилиши мумкин», — дейилади Давлат хизматлари агентлиги расмий муносабатида.
Аввалроқ Асакада қиймати 3 миллиард сўмдан ортиқ бўлган Давлат хизматлари маркази очилиши, Улуғнорда Давлат хизматлари марказларининг янги биноси фойдаланишга топширилгани ҳақида хабар қилинганди.