«Толибон» Қуръон ёқилишига жавобан Швециянинг Афғонистондаги муассасалари фаолиятини тақиқлади
«Толибон» Швецияда Қуръон ёқиб юборилганини яна бир бор қоралаб, ушбу давлатнинг Афғонистондаги барча муассасалари фаолиятини тақиқлашини эълон қилди.

«Толибон» 11 июль куни берган баёнотида шундай дейилади:
«Ислом амирлиги Швеция ҳукумати мусулмонлардан бу қабиҳ иш учун кечирим сўрамагунча, мамлакатнинг Афғонистондаги барча муассасалари фаолиятини тўхтатиб туришни буюради».
«Толибон» баёнотида бошқа давлатлар, хусусан, исломий давлатлар бундан кейин Швеция билан «ўзаро муносабатларини» қайта кўриб чиқиши сўралади.
Швециянинг Афғонистонда дипломатик ваколатхонаси йўқ, мамлакат «Толибон» ҳукумати билан алоқа ўрнатмаган. Аммо швед муассасалари, жумладан, Швеция қўмитаси Афғонистондаги муҳтожларга ёрдам беради. «Толибон»нинг буйруғи уларнинг ёрдамини тўхтатади.
28 июнь куни Стокгольмда ироқлик эркак Қуръонни ёқиб юборди. Полиция сўз эркинлигини ҳимоя қилиш мақсадида акцияга рухсат берганини даъво қилди. Ироқдаги Швеция элчихонаси яқинида юзлаб ироқликлар норозилик билдирди, бир неча ўнлаб намойишчилар бинога бостириб киришга уринди.





