Трамп иккита давлатга АҚШ таркибига киришни таклиф қилди

АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп Мексика ва Канадага агар улар Америка субсидияларини олишда давом этишни истаса, АҚШ таркибига киришни таклиф қилди. У бу ҳақда NBC News телеканалидаги дастурда маълум қилди.

Трамп агар бу давлатлар АҚШга мигрантлар ва гиёҳванд моддалар оқимини камайтирмаса, Канада ва Мексикадан импорт учун 25 фоизлик бож жорий этиш билан таҳдид қилди.

Биз Канадага йилига 100 миллиард доллардан ортиқ, Мексикага эса қарийб 300 миллиард доллар субсидия берамиз. Биз бундай қилмаслигимиз керак, нега бу мамлакатларга субсидия бераяпмиз? Агар субсидиялашни истайдиган бўлсак, улар штатга айлансин, деган Трамп.

Декабрь ойи бошида Трамп Канада бош вазири Жастин Трюдога Канададан келтирилаётган барча товарларга 25 фоизлик импорт божини жорий этишни режалаштираётганини айтганди. Агар Канада ноқонуний миграция билан боғлиқ вазиятни тубдан ўзгартира олмаса ва 100 миллиард долларга яқин бўлган савдо тақчиллигини камайтирмаса, Трамп бу режа амалга ошиши мумкинлигини айтди.

Трюдо бундай чоралар Канада иқтисодиётини барбод қилиши мумкинлигини таъкидлади. Бунга жавобан Трамп, эҳтимол ҳазил тариқасида, Канада АҚШнинг 51-штати бўлиши, Трюдо эса унинг губернатори бўлиб қолиши мумкинлигини айтди. Трюдо бу гапга “асабий кулгу” билан муносабат билдирган.

Жаҳон