Қўқонда халқаро террористик ташкилот тарафдорлари қўлга олинди

Қўқонда «Тавҳид ва жиҳод катибаси» халқаро террористик ташкилоти тарафдорлари бўлган шахслар 6 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақида Давлат хавфсизлик хизмати матбуот хизмати хабар берди.

ДХХ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида Қўқон шаҳрида фаолият олиб борган «Тавҳид ва жиҳод катибаси» халқаро террористик ташкилоти тарафдорларидан иборат жамоат фош этилган.

Жамоатнинг 11 нафар аъзоси Қўқон шаҳри ҳамда Ўзбекистон туманида яшовчи, 1980—2000 йиллар оралиғида туғилган фуқаролар бўлиб, улар орасида фармацевтика соҳасида фаолият юритувчи масъулияти чекланган жамиятда менежер, газ қуйиш шохобчасида бош механик бўлиб ишлаган, шунингдек, хусусий тадбиркорлик, ошпазлик, устачилик, киракашлик билан шуғулланган шахслар бор.

2021—2023 йиллар давомида ноқонуний гуруҳ аъзолари Қўқон шаҳрида жойлашган чойхоналарда «шанбалик ошлар» ниқоби остида йиғинлар ташкил этган.

Унда Абдуллоҳ Зуфар, Содиқ Самарқандий, Яҳё Туркистоний ва бошқаларнинг жиҳод ҳамда шаҳидликка, ислом давлати қуришга чорловчи, диний экстремизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган маърузаларини эшитишлари натижасида динга мутаассибларча берилиб, экстремистик ғояларни қўллаб-қувватлаб келган.

Шунингдек, мамлакатда амалда бўлган давлат тузумини Конституцияга хилоф тарзда ўзгартиришга ва халифалик давлати қуришга қаратилган ғояларни ўзаро муҳокама қилган. Жамоат аъзоларининг айримлари Сурияга ҳижрат қилиш масаласини ҳам муҳокама қилган.

Бундан ташқари, улардан икки нафари ўзаро тил бириктириб, ҳозирда Суриядаги «Тавҳид ва жиҳод катибаси» халқаро террористик ташкилоти фаолиятида иштирок этиб келаётган қўқонлик шахсга моддий ёрдам бериш мақсадида 2023 йилнинг июль ва август ойларида жами $3000 миқдорида пул юборган.

Телеграм мессенжерида ташкил этилган гуруҳда ўзаро маълумотлар алмашиниб, навбатдаги йиғин вақти ва жойи эълон қилиб борилган. Шунингдек, улар ҳар 15 кун, 1 ой ичида нима ишларни амалга оширганликлари бўйича гуруҳ етакчисига ҳисобот берган.

Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судининг ҳукмига кўра, мазкур ноқонуний гуруҳ аъзолари тегишлилиги бўйича Жиноят кодексининг 155-3, 159, 244-1 ва 244-2-моддалари билан айбли деб топилиб, уларга нисбатан 6 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Ўзбекистон