Хитой яна 9 та давлатга визасиз режим жорий қилди
8 ноябрдан бошлаб дунёнинг яна 9 та давлати фуқаролари Хитойга визасиз кира олади. Хитой ҳукумати йил бошида ишга туширилган «визасиз ташриф» дастурини кенгайтирди, дея ТИВ вакили Лин Цзян хабар берди.
Унга кўра, 2025 йил 31 декабрга қадар амалда бўладиган дастур доирасида Словакия, Норвегия, Финляндия, Дания, Исландия, Андрорра, Монако, Лихтенштейн ва Жанубий Корея фуқароларига ХХРга визасиз киришга рухсат берилган.
Янги дастур 2024 йил январдан ишга тушган ва унга босқичма-босқич янги давлатлар қўшилмоқда. Йил бошидан бери у Австрия, Германия, Франция, Ирландия, Нидерландия, Италия ва тсария каби Европанинг 11 та давлати, шунингдек, Малайзия учун ҳам амал қилмоқда.
Июнь охирларида рўйхатга Полша, Австралия ва Янги Зеландия ҳам қўшилди.
Дастур шартларига кўра, юқоридаги барча давлатларнинг фуқаролари Хитойга оддий паспорт билан киришлари ва 15 кунгача мамлакат ҳудудида визасиз ҳаракатланишлари мумкин. Бу мамлакатга келадиган туристлар оқимини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.