Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти 3,5 млрд долларга етказилади
Шавкат Мирзиёев 18 март куни Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигида бўлиб, соҳадаги режалар тақдимоти билан танишди.
18 январь куни экспорт ва саноат масалалари бўйича бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида мева-сабзавотчилик соҳасидаги чора-тадбирлар ҳам белгиланган эди. Хусусан, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигига экспортбоп маҳсулотлар экилишини ташкиллаштириш ҳамда янги салоҳиятли бозорлар топиш бўйича вазифа қўйилганди. Президент матбуот хизматининг маълум қилишича, тақдимотда шу борада қилинаётган ишлар ва режалар ҳақида ахборот берилди.
Лойиҳалардан бири “Агрокўмакчи” мобил иловаси бўлиб, унда ўсимликлар ҳимояси, бу соҳадаги хизматлар, фойдали маълумотлар, экспорт бўйича маслаҳатлар билан танишиш мумкин. Асиаэхпорт.се платформаси эса Ўзбекистондаги экспортчилар билан чет элдаги харидорларни ўзаро боғлайди. Унда нафақат мева-сабзавотлар ва қуритилган мевалар, балки шарбатлар, уй-рўзғор буюмлари, қандолатчилик, тўқимачилик, чармдўзлик ва фармацевтика маҳсулотлари каби кенг турдаги товарлар ҳақида маълумотлар жойлаштирилади.
Агентликнинг халқаро ePhyto solution инновацион тизими доирасидаги ҳамкорлиги ҳақида ҳам ахборот берилди. Бу тизим орқали 119 та мамлакат билан фитосанитар сертификатлар электрон шаклда алмашилмоқда. Жорий йилда яна 8 та давлатга 25 турдаги маҳсулот бўйича фитосанитар рухсатнома олинади.
Шу каби чора-тадбирлар натижасида бу йил қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини 3,5 миллиард долларга етказиш мўлжалланган. 2023 йилда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги экспорт қарийб 2 миллиард долларни ташкил этганди. Давлат раҳбари бунинг учун, аввало, экспортбоп маҳсулотларни кўпайтириш, фермер ва деҳқонларнинг хабардорлигини ошириш зарурлигини таъкидлади.
“Бу соҳада ҳуқуқий замин бор, кўп давлатлар билан келишувларга эришганмиз. Лекин экспортчилар маҳсулотини қийинчилик билан сотяпти. Шунинг учун экспортчилар билан доимий “мулоқот майдони”ни ташкил этиш керак. Ҳокимлар ҳудудда етиштирилаётган маҳсулотлар, элчилар ташқи бозордаги талаб ва нархлар билан экспортчиларни таништириб бориши зарур, – деди Шавкат Мирзиёев.
Президент мева-сабзавотларни қадоқлаш масаласига алоҳида эътибор қаратди.
“Қадоқлар халқаро стандартларга мос, замонавий дизайнда, саноатлашган тарзда бўлиши керак. Ўшанда сифат бўлади, миллий бренд яратилади, қўшилган қиймат ҳам баланд бўлади. Шунинг учун экспортчиларга тўғри, тартибли ва чиройли қадоқлашни ўргатиш керак”, — деди давлат раҳбари.
Маҳсулотлар яроқсиз бўлиб қолмаслиги, экспортга сифатсиз маҳсулот қўшилиб кетмаслиги учун тизимли ишлаш муҳимлиги айтилди.
Президентнинг таъкидлашича, бу борада ҳам кластер тизими бўлиши керак. Таълимдан бошлаб, маҳсулотларни экиш, ўғитлаш, териб олиб, саралашгача бўлган ҳамма босқичларни ўзаро мувофиқ ва юқори сифатда йўлга қўйиш зарур.
Вазирлар Маҳкамасига ушбу тизимни такомиллаштириш ва экспортни режали ташкил этиш учун 3 йиллик дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Халқаро ҳамкорликни кенгайтириш орқали экспорт ҳажмлари нисбатан қиммат бозорларга йўналтириш муҳимлиги айтилди.
Давлат раҳбари агентликнинг замонавий лабораторияси билан танишди. Лабораториянинг илмий салоҳиятини ошириш, жаҳондаги илмий ютуқларни ўзлаштириб, соҳага тегишли идораларда тезкор татбиқ этиш бўйича кўрсатмалар берилди. Шу ерда агрокимё тизимида қўлланаётган техника ва ускуналар ҳам намойиш қилинди.
Қайд этилишича, чет элдан юқори самарали энтомофаглар олиб келиниб, зараркунанда ҳашаротларга қарши янги турда кураш йўлга қўйилган. Тажрибали экспертларни жалб этган ҳолда ҳар бир маҳсулотни етиштириш, сақлаш, қадоқлаш ва етказиб бериш бўйича қўлланмалар ишлаб чиқилган. 10 та кўчма лаборатория ташкил этилган.
Бу йил ҳудудларда 10 та кўчма лаборатория ташкил қилинади. 6 мингта боғ, 3 мингдан зиёд токзор ва дала майдонлари, 344 та қадоқлаш корхонаси хорижий фитосанитария талабларига мувофиқлаштирилади. Пестицидлар муомаласидаги барча жараёнлар рақамлаштирилиб, сифатсиз пестицидларнинг Ўзбекистонга олиб келиниши ва ноқонуний савдосига барҳам берилади.
Президент тизимдаги мутахассислар малакасини ошириш, ҳар бир фермер ва томорқа эгаларига етиб бориш бўйича кўрсатмалар берди.