2 ярим ёшли болани уриб ўлдирган Миллий гвардия ходими 19 йилга озодликдан маҳрум қилинди

Миллий гвардия ходими икки ярим ёш болани уриб ўлдиргани учун 19 йилга қамалди. Бу ҳақда «Namanganliklar.uz» ҳабар берди.

Фото: «Namanganliklar.uz»

Хабарда айтилишича, марҳумнинг онаси Туркияга ишлашга кетгани сабаб фарзандини опасига (Миллий гвардия ходимининг рафиқасига) қолдирган. Маълум бўлишича, Миллий гвардия ходими маст ҳолда уйга келиб, аввал ҳам марҳумни пичоқ билан қўрқитган. 2020 йилнинг январь ойида у яна маст ҳолда қайтиб, аввал рафиқасини, сўнг унинг жиянини (икки ярим ёшли гўдак) уриб, тепган. Тонгда гўдак вафот этгани маълум бўлган.

Шундан сўнг Миллий гвардия ходими рафиқасига гўдакни зинадан йиқилиб тушиш оқибатида ўлган, деб айтишга мажбур қилган. Мурдани кўмиш учун ўлим гувоҳномасини тайёрлаш жараёнида қишлоқ фельдшери марҳумни текшираётиб, унинг танасидаги жароҳатларни кўрган ва гўдакнинг мурдаси экспертизага юборилган. Экспертлар бола етказилган тан жароҳатлари оқибатида вафот этганини тасдиқлаган.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди Миллий гвардия ходимини Жиноят кодексининг 97-модда 2-қисмининг «в», «ж» бандлари (Ожиз аҳволдаги шахсни ўта шафқатсизлик билан ўлдириш) ҳамда 110-модда 2-қисмининг «а», «в» бандлари (Вояга етмаган болани муттасил равишда қийнаб, дўппослаш) билан 19 йил муддатга озодликдан маҳрум қилди.

Аввалроқ Андижонда йигит ёқтирган қизига гап отган шахсни темир бўлаги билан уриб, ўлдириб қўйгани хабар қилинган эди. 

Янгиликлар