Aндижонда МИБ ходими ва фуқаро қарийб 73 млн сўмни талон-торож қилгани маълум қилинди

Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг Aндижон шаҳар бўлими давлат ижрочиси ҳамда фуқаро биргаликда жиноий ишга қўл урган.

Маълум қилинишича, Aндижон туманлараро иқтисодий суди 2018 йил 15 январдаги ижро варақасига асосан Aндижон вилоят «Иссиқлик манбаи» давлат унитар корхонасидан 423 323 673 сўм солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш белгилаган. Мазкур ижро варақа 2018 йил 24 апрелда МИБнинг Aндижон шаҳар бўлимига келиб тушган, давлат ижрочиси томонидан «Ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисида» қарор қабул қилинган.

Қайд этилишича, ушбу қарорга асосан корхонага тегишли бўлган Aндижон шаҳрининг Қўшариқ даҳасида жойлашган ёқилғи омбори, автотураргоҳ ҳамда бино ва иншоотлар далолатнома асосида хатланган. 2018 йилнинг 15 ноябрида хатланган кўчмас мулклар онлайн аукционга чиқарилган. Бироқ унитар корхонанинг мурожаатига асосан 2019 йил 4 январда ижро ҳаракатлари вақтинча тўхтатилган.

Хабарда маълум қилинишича, Aндижон шаҳридаги «ТЕПЛОПОДЁМНИК» масъулияти чекланган жамиятининг 2019 йил 22 февралдаги хулосасига биноан, хатланган 2 дона ёқилғи сиғимлари яроқсиз деб топилган ва утилизация қилиниши белгиланган. Шундан келиб чиққан ҳолда Aндижон вилоят «Иссиқлик манбаи» давлат унитар корхонаси раҳбари 2019 йил 23 мартдаги «ТЕПЛОПОДЁМНИК» МЧЖ йўллаган алоқа хати билан яроқсиз деб топилган 2 дона ёқилғи сиғимларини утилизация қилиб, ундан тушган маблағни корхонанинг солиқ қарздорлиги ва ходимларнинг иш ҳақига йўналтириб беришни сўраган.

Хабарда қайд этилишича, МИБ Aндижон шаҳар давлат ижрочиси Aндижон шаҳрининг Бўстон даҳасида яшовчи иккиламчи қора метал олди-сотдиси билан шуғулланувчи фуқаро билан бирга ҳужжатларни сохталаштириш орқали тилга олинган 2 дона ёқилғи сиғимларини 72 173 726 сўмга сотган, пулларни ўзлаштириб юборган. Шу боис давлат ижрочиси ва фуқарога жиноят иши қўзғатилган.

Aввалроқ Aндижон, Бухоро, Қашқадарё, Навоий, Наманган вилоятларидаги «СЭС» ходимлари томонидан жами 1 миллиард 750 миллион сўмдан зиёд маблағ талон-торож қилинган ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Навоийда солиқ инспекцияси тадбиркордан 6 миллиард сўм пулни ноқонуний ундиришга ҳаракат қилганди.

Янгиликлар