Бухорода қайнатасининг фоҳишаликда айблаб, доимий зулмларига чидолмаган келин устига бензин сепиб, ўзини ёқиб юбориши оқибатида вафот этди
Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида яшовчи 66 ёшли фуқаро 37 ёшли келинига шафқатсиз муомалада бўлиб, доимий равишда зулм ўтказган ва ўзини ўзи ўлдириш даражасига олиб борган. Бу ҳақда жиноят ишлари бўйича Ғиждувон туман суди раиси Бобур Умаровга таяниб, «Дарё» хабар берди.
Қайд этилишича, Самарқандда яшовчи фуқаро Сабоҳат Ҳаққулова 2013 йил Ғиждувон тумани «Янгиобод» маҳалла фуқаролар йиғини Урганжели қишлоғида яшовчи II гуруҳ ногирони Ҳалим Саъдуллаев билан турмуш қурган.
Қайната К.С. ўзига тегишли уйда турмуш ўртоғи, икки нафар ногирон ўғли, келини Сабоҳат Ҳаққулова ҳамда невараси билан яшаб келган. Рўзғор харажатлари қайната зиммасида бўлгани боис К.С. ўзининг ногирон фарзандларини ҳам пул ва моддий даромад топиб келолмасликда айблаган. Aйниқса, келини Сабоҳат Ҳаққуловага ўта раҳмсиз муомалада бўлиб, қўрқитган, унинг шаъни ва қадр-қимматини муттасил равишда камситиб келган. Қайната келинини фоҳишаликда гумон қилиб, қўпол муносабатда бўлган. Унинг турмуш ўртоғи бўлган ўғлининг ногиронлигини ҳам юзига солиб, кўп бор текинхўрликда айблаган.
Қайната 2018 йилнинг 9 декабрь куни келини билан овқатга маҳсулотни кўп солгани баҳонасида жанжаллашиб қолиб, уни ножўя сўзлар билан ҳақорат қилган, бошига урган ва тан жароҳати етказган. Камситишларга чидай олмаган келин Самарқандга — отасининг уйига аразлаб кетган. Орадан бир неча кун ўтгач қайнана келинини яна ўз хонадонига олиб келган. Шу воқеа сабаб қайната турмуш ўртоғи Зулайҳо Саъдуллаева билан ҳам тез-тез жанжаллашадиган, уни ҳам қўрқитадиган одат чиқарган. Ҳар кунги жанжалларга чидай олмаган қайнана 2019 йил 12 декабрь куни қизиникига аразлаб кетган.
2019 йил 14 декабрь куни соат 16:00 да қайната яна келини билан тортишган. Келини ва ўғлини ножўя сўзлар билан ҳақоратлаган. Қайнатасининг камситиш ва тазйиқларига чидай олмаган келин вояга етмаган фарзандини олиб, қайнанасининг ёнига бориш учун кўчага чиқиб, йўловчи машинага ўтирган. Қайната эса унинг ортидан етиб бориб, қўполлик билан қўлидан тортиб, автомашинадан туширмоқчи бўлган. Қайната келинини қўни-қўшнилар олдида уятсиз сўзлар билан ҳақоратлаган. Жанжалнинг олдини олмоқчи бўлган қўшниларга ҳам қўпол муомалада бўлган. Келини қаршилик кўрсатганида унинг юзига муштлаб урган, пастки жағ тишини синдирган. Тан жароҳати етказиб, уйга мажбурий тарзда олиб кирган.
Жанжал эртаси куни ҳам давом этган. Қайната келини ва ногирон ўғлини ошхонага киритмай, овқат ҳам бермаган. Ўғлига қўлидан иш келмаслигини, боқиманда эканлигини айтиб, камситган. Ўзи ва ижтимоий ҳимояга муҳтож турмуш ўртоғининг доимий камситилишига чидай олмаган келин шу куни соат 12:00 да ўз жонига қасд қилиш мақсадида яшаш хонадонининг ошхонасида бўлган елим идишдаги бензинни устига сепиб, ўзини ўзи ёқиб юборган. Келин Ғиждувон туман тиббиёт бирлашмаси реанимация бўлимига ётқизилган.
Ғиждувон туман прокуратураси катта терговчиси Бекзод Вафоевнинг айтишича, келин ўзини ёқиши оқибатида танасининг 98 фоизи куйган. Тиббий муолажаларга қарамасдан, танасининг 95—98 фоизи куйган келин 2019 йил 20 декабрь куни вафот этган.
«Қайнатанинг камситишлари оқибатида ўз жонига қасд қилган келин, фуқаро Сабоҳат Ҳаққулова туман тиббиёт бирлашмасининг реанимация бўлимида беш кун ётади. Келин билан суҳбатда қайнатаси хонадонига келин бўлиб тушган вақтдан бери унинг хатти-ҳаракатлари натижасида руҳий азоб олгани ойдинлашди. Қайната келинининг ота-онаси ва яқин қариндошлари ёнига бориб-келишига тўсқинлик қилган. Еб-ичиши, кийиниши, оддий инсондай яшаши учун на ўғлига, на келинига шафқат қилган», — дейди Бекзод Вафоев.
«Янгиобод» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Холмурод Турсуновнинг билдиришича, ушбу оиладаги ижтимоий ҳимояга муҳтож икки нафар фарзанд учун доимий равишда кўмак пули ва озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб турилган.
2020 йил 9 июл куни мазкур ишни кўриб чиққан жиноят ишлари бўйича Ғиждувон туман суди келинини ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказган қайнатани 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилган.
Aввалроқ Бухорода ёқтирган йигитига суратларини юборган қизни қўрқитиб, 3700 доллар ҳамда 20 миллион сўмлик тилла тақинчоқларни қўлга киритган аёл ушлангани ҳақида хабар берилганди. Мазкур ҳолат юзасидан Ғиждувон туман ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми (товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилган.