«Ўзбекнефтгаз» бошқарув раиси Бухорода мутасаддилар билан йиғилиш ўтказди

«Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев раислигида Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасида тизимдаги ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш корхоналари раҳбарлари, ижроия аппарат масъуллари иштирокида кенгайтирилган кенгаш йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда «Ўзбекнефтгаз» АЖ ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Ўзбекнефтгаз» АЖ ахборот хизмати

Ушбу йиғилишдаги асосий эътибор «Учқир» газни олтингугуртдан тозалаш мажмуасида амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш, мажмуани ободонлаштириш ва объектларни ишга тушириш бўйича тантанали маросимни юқори даражада ўтказишга тайёргарлик кўриш масалаларига қаратилган.

Фото: «Ўзбекнефтгаз» АЖ ахборот хизмати

Шунингдек, йиғилиш давомида Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасида амалга оширилаётган ободонлаштириш, қурилиш-монтаж ва геологик-қидирув ишлари ҳамда 2020 йил учун белгиланган прогноз кўрсаткичларининг бажарилиши ҳам муҳокама қилинган.

Қилиниши лозим бўлган асосий ишлар, яъни «Учқир» мажмуасининг 1, 2, 3, 4, 5-технологик тармоқларининг ускуналари ва қувурларини бўяш, иссиқлик изоляцияси билан қоплаш, Марказий ишлаб чиқариш диспетчерлик хизмати биносини комплекс таъмирлаш ва жиҳозлаш (АСОДУ тизими), 6-технологик тармоқ ҳудудини ободонлаштириш ва мавжуд объектларни таъмирлаш ишларининг бажарилиши бўйича жавобгар масъуллар белгилаб олинган.

Фото: «Ўзбекнефтгаз» АЖ ахборот хизмати

Уч кунлик муддатда зарур ишчи-ходимларни «Учқир» мажмуасига тезкор мобилизация қилиш ва кўрсатилган ишларни 2020 йилнинг 1 октябрига қадар якунлаш, пропан-бутан аралашмасини ажратиб олиш қурилмасини синаш-созлаш, қурилмани ишга тушириш ва кейинчалик самарали фойдаланишга оид вазифалар берилган.

Фото: «Ўзбекнефтгаз» АЖ ахборот хизмати

Бундан ташқари, Газли НГҚЧБ ташкилий тузилмаси ва штат бирлигига ўзгартириш киритиш бўйича таклифлар сўралди ҳамда бошқармада геология масалалари бўйича директор ўринбосари лавозимини таъсис этиш, «Учқир» мажмуасини тузилмавий бирлик сифатида ажратиб чиқариш масаласи кенг муҳокамага қўйилди.

«Учқир» мажмуасининг пропан-бутан аралашмасини ажратиб олиш қурилмаси (УППБС)да ишловчи мутахассисларни бир ой муддатга «Муборак» ГҚИЗ ҳамда Шўртан НГҚЧБда малака ошириши ва тажриба алмашиш учун керакли чора-тадбирларни амалга ошириш зарурлиги таъкидланди.

Йиғилиш сўнгида бошқарув раиси бир ҳафталик муддатда 2021 йилда амалга ошириладиган геология-қидирув ишлари учун зарур бўладиган моддий-техник ресурслар рўйхатини шакллантириш ва «Учқир» УППБСини ноябрь ойи охирига қадар ишга тушириш бўйича аниқ топшириқлар берди.

Аввалроқ Бухорода «Ўзбекнефтгаз» масъул ходимлари салкам қувур ва қора металларни талон-торож қилгани аниқлангани, Навоийда газ таъминоти ходимлари томонидан 1 миллиард сўм маблағ ноқонуний ўзлаштирилгани хабар қилинган эди.

Янгиликлар