Булунғурда бир кунда иккита машина ичидан пул ва телефон ўғирлаган шахс қўлга олинди

Самарқанд вилояти Булунғур туманида яшовчи фуқаро 4 август, сешанба куни иккита машинадан пул, телефон аппарати ва ҳужжатларни ўғирлади. Бу ҳақда Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

2020 йилнинг 5 август куни Булунғур тумани «Соҳибкор» маҳалласида яшовчи Н.Б. туман ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, 2020 йилнинг 4 август куни соат 22:30 ларда Булунғур тумани «Соҳибкор» маҳалласи ҳудудида ўзининг «Damas» русумли автомашинасини қаровсиз қолдирган вақтида номаълум шахс калит танлаш йўли билан автомашинасини очиб, машина салонида бўлган 100 минг сўм пулни ва автомашинани бошқаришга берилган ишончнома ҳамда суғурта полисларини яширин равишда талон-торож қилганлигини баён қилган.

Бундан ташқари, туман ИИБга Булунғур тумани «Бедана» маҳалласида яшовчи С.А. ариза билан мурожаат қилиб, шу куни соат 21:00 ларда Булунғур тумани «Соҳибкор» маҳалласи ҳудудида ўзига тегишли бўлган «Damas» русумли автомашинани ойнасини очиқ ҳолатда қаровсиз қолдириб кетган вақтида номаълум шахс автомашина эшигини очиб, машина салонида бўлган баҳоси 1 600 000 сўмлик «Redmi 8» русумли телефон аппаратини яширин равишда талон-торож қилганлиги, ушбу номаълум шахсни аниқлаб, унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Булунғур туман ИИБ ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида мазкур ўғрилик Булунғур тумани «Оқтош» маҳалласида яшовчи 1987 йилда туғилган Р.С. томонидан содир қилинганлиги аниқланди. Ундан бир дона «Redmi 8» ва 100 000 сўм пул холислар иштирокида ҳужжатлаштирилиб олинди.

Мазкур ҳолат юзасидан Булунғур туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Қувасойда хонадондан велосипед ўғирлаб кетган шахс қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди.

Янгиликлар