Фарғонада дори воситаларини ноқонуний равишда қўлда сотиб келаётган фуқаро аниқланди

Фарғона вилояти Фарғона шаҳрида 15 август куни бозор ҳудудида ноқонуний равишда дори воситаларини қўлда сотиб келаётган фуқаро аниқланди. Бу ҳақда Миллий гвардия матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Миллий гвардия матбуот хизмати

Маълум бўлишича, Фарғона шаҳар деҳқон бозорида 15 август куни жамоат тартибини сақлаш учун хизматга жалб қилинган Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси бозор ҳудудида хизмат вазифасини бажариш чоғида ўзининг шубҳали хатти-ҳаракатлари билан кўзга ташланган бир фуқарони тўхтатган. Фуқаро ўрнатилган тартибда кўздан кечирилганда унинг ёнидан турли хилдаги дори-дармон воситалари борлиги аниқланган.

Давлат солиқ хизмати ходимлари билан олиб борилган ўрганишлар натижасида ушбу шахс Фарғона шаҳрида яшовчи фуқаро Ҳ.П. эканлиги ва ноқонуний равишда дори воситаларини қўлда сотиб келаётганлиги маълум бўлган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Фарғона шаҳар ИИБ ходимлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Самарқандда сариқ рангли металлни тилла деб сотган шахс жиноятини яшириш учун 900 доллар пора бераётганида қўлга олингани ҳамда Самарқанддаги рейдларда ноқонуний дорихона ва дорифурушлар фаолиятига чек қўйилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар