Фоторепортаж: Навоийда 1500 нафардан ортиқ сайёҳни қабул қилувчи соҳилбўйи дам олиш маскани иш бошлади
Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов томонидан 16 август, якшанба куни ОАВ вакиллари ва блогерлар учун Навоий вилоятида ташкил этилган Тўдакўл сайёҳлик курорти ва соҳилбўйи дам олиш маскани ҳамда Бухоро вилоятидаги хорижий брeнд бошқаруви жорий этилган мeҳмонхона бўйлаб инфо-тур ташкил этилди. Бу ҳақда «Tez News» мухбири Шоҳруҳ Ҳайдаров хабар берди.
Дастлаб, Навоий вилояти Қизилтепа туманида Тўдакўл сув ҳавзаси қирғоғида 1500 нафардан ортиқ сайёҳни қабул қилиш имкониятини берувчи ‘Silk Road Family Resort’ сайёҳлик курорти, соҳилбўйи дам олиш масканининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбир Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Бухоро ва Навоий вилоятлари ҳокимликлари ҳамкорлигида ташкил этилган бўлиб, маросимни Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Улуғбек Аъзамов очиб берган.
Маълумотларга кўра, ушбу сайёҳлик объекти пляж, бассейн, қуёш нурида тобланиш, аквапарк, кичик «Диснейленд», 50 ўринга мўлжалланган меҳмонхона, дам олиш тапчанлари, корабль тимсолидаги ресторан, ёзги терасса, спа-салон, табиат қўйнидаги ўйингоҳ, тиббиёт бурчаги, соғломлаштириш маскани, спорт ўйингоҳи, от спорти майдони, автотураргоҳ ва махсус сув транспортлари каби турли қўшимча хизматларни ҳам ўз ичига олади.
Шундан сўнг, Бухоро шаҳрида лойиҳа қиймати 11 миллион АҚШ долларини ташкил этган, cаккиз қаватдан иборат, 4 юлдузли «Саҳид Зарафшон» меҳмонхонаси бўйлаб саёҳат ўтказилди.
Мазкур меҳмонхона жами 149 та хона ва 310 ўринга мўлжалланган бўлиб, булар президент, люкс, премиум, эконом ва стандарт хоналарини ўз ичига олади. Шунингдек, ушбу жойлаштириш воситаси таркибида 6 та ресторан, йирик маросимлар учун мўлжалланган зал, 1 та конференция зали ва 3 та учрашув хонаси, миллий либослар кўргазмаси зали, тунги кўнгилочар клуб, кафе, қишги боғ, очиқ ва ёпиқ бассейнлар, болалар учун алоҳида бассейн ва ўйингоҳ, фитнес-клуб, йога ва спа салонлари, сауна, бильярд зали, эркаклар ва аёллар гўзаллик салонлари ҳамда совғалар дўконлари каби қатор қўшимча хизматлар яратилган.