Навоийда газ таъминоти ходимлари томонидан 1 млрд сўм маблағ ноқонуний ўзлаштирилгани аниқланди
«Ҳудудгазтаъминот» АЖнинг Коррупцияга қарши сиёсатни амалга ошириш ва моддий ресурслардан оқилона фойдаланиш бошқармаси ва «Ҳудудгаз Навоий» МЧЖнинг Коррупцияга қарши сиёсатни амалга ошириш ва моддий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўлими ходимлари томонидан истеъмолчилардан табиий газ учун олинган 1 миллиард сўм маблағни ноқонуний ўзлаштириш ҳолатлари аниқланди. Мазкур сумма арифметик усулда олинган.
Президентнинг 2020 йил 18 июндаги фармонига биноан «Ҳудудгазтаъминот» АЖнинг функциялари сезиларли даражада кенгайтирилган. Хусусан, табиий газ истеъмоли учун тўловларнинг тўлиқлиги ва ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш, истеъмолчиларнинг қарздорлигини камайтириш, шунингдек, табиий газни сотиш ва истеъмол қилишни ҳисобга олиш ваколати Мажбурий ижро бюроси (МИБ)дан газ таъминоти ташкилотларига ўтказилди. Шу билан бирга, ушбу меъёрий ҳужжатда ишидан озод қилинган МИБ инспекторларини газ таъминоти ташкилотларига ишга жойлаштириш тартиби ҳам кўзда тутилган.
Белгиланган вазифаларни амалда бажариш учун янги ишга қабул қилинган инспекторлар ўртасида профилактика ишлари олиб борилган ва Навоий вилоятининг Қизилтепа тумани «Оқ Мачит», «Маликабод» ва «Қалаиазизон» МФЙ аҳолиси билан мулоқот ташкил этилган. Аҳоли билан суҳбат давомида МИБ собиқ инспекторлари томонидан аҳоли тўлов маблағларини қонунга зид равишда ўзлаштириш ҳолатлари аниқланган.
Маълум бўлишича, аҳоли шу кунгача газ учун тўловларни «Биллинггаз» тизимига ҳисоблагич кўрсаткич маълумотларини киритиш учун уйма-уй юриб назорат қилган инспекторлар орқали тўлаган. 2020 йил июль ойи учун истеъмол қилинган табиий газ учун юқоридаги маҳаллаларнинг 650 та абоненти томонидан навбатдаги тўловни амалга оширишда ўнта инспектор уларнинг 10,5 миллион сўмини ғазнага кирим қилмай, ўзлаштириб юборгани аниқланган.
Таъкидланишича, МИБ инспекторлари штати қисқартирилгандан сўнг, 2020 йил август ойида ушбу ўн кишидан тўрт нафари «Қизилтепатумангаз» газ таъминоти бўлимига, биттаси «Навоийшаҳаргаз»га ишга қабул қилинган, қолган беш киши МИБдан бўшатилгандан сўнг турли сабабларга кўра газ таъминоти ташкилотларига ишга олинмаган.
Маълумотларга кўра, ушбу ҳуқуқбузарликларга алоқадор бўлганлар орасида инспекторлар Фахриддин Истамов (50 минг сўм ўзлаштирилган), Эркин Эргашев (500 минг сўм), Бобур Исоқов (100 минг сўм), Фарҳод Ашуров (7 миллион 253 минг сўм), Ҳумоюн Ҳамидуллаев (1 миллион 110 минг сўм), Жамшид Олимов (795 минг сўм), Санжар Тошев (350 минг сўм), Рустам Қурбонов (165 минг сўм), Шуҳрат Чулиев (50 минг сўм), Ҳасан Тўхаевнинг (200 минг сўм) борлиги аниқланган.
«Ҳозирда газ истеъмолчиларининг қарзларини камайтириш мақсадида алданган аҳолининг пулларини кирим ғазнасига қайтариш учун текширув ишлари олиб борилмоқда.
Шу билан бирга, ‘Ҳудудгазтаъминот’ АЖ газ учун тўловларни қабул қилишда инсон омилини камайтириш ва шу билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида истеъмолчилардан ўз тўловларини банк ўтказмалари орқали, шу жумладан, турли хил электрон тўлов тизимлари орқали амалга оширишга чақиради», — дейилади хабарда.
Аввалроқ Бухорода йўл қурилишидаги мутассади раҳбар 440 миллион сўмни ўзбошимчалик билан сарфлагани учун қамалгани, Бухорода «Ўзбекнефтгаз» масъул ходимлари салкам 300 миллион сўмлик қувур ва қора металларни талон-торож қилгани аниқлангани ҳамда Тошкентда 200 миллион сўмдан ортиқ маблағни ўзлаштирган собиқ ширкат раҳбари қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.