Видео: Навоийда раҳбарининг марҳум онасини сўккан маст ишчи трактор тиркамасига боғланиб, «самосуд» қилинди

Ижтимоий тармоқларда 7 октябрь куни Қизилтепа тумани ҳудудида номаълум фуқаронинг бўйин ва қўлини арқон билан боғлаб, тан жароҳати етказган ҳолда трактор тиркамасида олиб кетилаётгани акс этган видео тарқалди. Навоий вилояти ИИБ «Tez News» мухбирига воқеа тафсилотлари бўйича маълумот берди.

Маълум қилинишича, 3 октябрь куни соат тахминан 10:30 да Қизилтепа тумани «Янгиҳаёт» маҳалласи ҳудудида жойлашган «Aбдужаббор бобо чорвалари» фермер хўжалиги ер майдонида фермер хўжалиги ишчиси фуқаро Ш.С. спиртли ичимлик истеъмол қилиб, маст ҳолда «Aбдужаббор бобо чорвалари» фермер хўжалиги раҳбари Н.Ж.ни ҳар хил сўзлар билан (марҳум онасини) ҳақорат қилганлиги сабабли фермер хўжалиги раҳбари билан жанжал келиб чиққан.

Шундан сўнг Н.Ж. таниши бошқа бир фермер хўжалиги такторчиси фуқаро Н.С., Т.Г. ва К.Й.лар билан биргаликда Н.С.нинг тракторида фуқаро Ш.С.ни арқон билан бўйин ва қўл қисмларини боғлаб унга тан жароҳати етказиб, трактор тиркамасига юклаб, фермер хўжалиги дала шийпонига олиб бориб қийноққа солгани ва дарахтга боғлаб, ташлаб кетгани аниқланди.

Ҳозирда мазкур ҳолатга дахлдор барча воқеа иштирокчилари туман ички ишлар бўлимига олиб келинган ҳамда шакл 2 китобида қайддан ўтказилиб, жиноят қидирув ходимлари томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.

Aввалроқ Aндижонда ҳомиладор келинчакнинг калтаклангани айтилган видео иштирокчилари воқеа қандай юз берганига аниқлик киритгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Тошкентда бир аёлни «самосуд» қилган уч нафар аёлга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Янгиликлар