Андижонда ҳомиладор келинчакнинг калтаклангани айтилган видео иштирокчилари воқеа қандай юз берганига аниқлик киритди (видео)
Ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти Булоқбоши туманида хиёнат қилган эрини излаб борган ҳомиладор аёлнинг калтаклангани айтилган видео юзасидан воқеада иштирок этган фуқароларнинг ўзлари видео мурожаат йўллади.
«Ўғлим Д.М.нинг машинасига туртилиб кетган. Д.М. эса тушунмасдан уни ёмон сўзлар билан ҳақоратлаган. Ўғлим чиқиб, ‘ойи, мени сўкди’, дегани учун буни танамга сиғдиролмасдан, кўрганинглардек, ўша ҳолатга тушдим. Чунки ёлғиз, битта ўғлим эди. Бироздан сўнг Д.М.нинг аёли ёнимга узр сўраб чиқиб келди. У пайтда важоҳатда эдим, боламни ҳақоратлаганини сиғдиролмагандим», — дейди боланинг онаси М.Ғ.
«Бу гап-сўзлар, албатта ёлғон. Биз хўжайним билан поликлиникага оёғини боғлатгани келгандик. Бу болача машинага туртилиб кетди ва хўжайиним ёмон сўзлар билан сўкиниб юборди. Кейинчалик мен опадан — боланинг онасидан узр сўрагани хонадонларига чиқдим. Опанинг важоҳати кучли экан, шу сабабли бир-биримизни тушунолмай қолдик ва шунақа можаролар бўлиб кетди. Лекин кўрган нарсаларингиз ёлғон. Биз ўзимиз ўша пайтда ҳамма нарсани келишиб, узримизни айтгандик», — дея вазиятни изоҳлайди фуқаро Д.М.нинг турмуш ўртоғи Ш.М.
«Элни оғзига элак тутиб бўлмайди, нимаям дердик. Биттасидан биттасига етиб боргунча яна битта гап қўшилади. Ҳурматли томошабинлар, бу ерда бўлиб ўтган — тагида ёзилган жамики гаплар бари бўҳтон. Aгар блогерлар кенгроқ маълумот олишинглар керак бўлиб қолса, менга келиб мурожаат қилаверинглар. Мен ўзим гапирган гапимга жавоб бераман. Ҳақиқатдан бу бола машинани туртиб ўтиб кетганди. Уни тўхтатиб, олдимга чақириб, танбеҳ бергандим. Шу пайт оёғимдаги жароҳатнинг оғриғи етиб турганди ўзи менга. Кейин опаникига кечирим сўраймиз деган мақсадда келган эдик. Ҳали важоҳатларидан тушмаган эканлар опа», — дейди фуқаро Д.М.
«Ҳурматли томошабинлар кўриб турибсизлар ҳолатни. Қўшинларимга мени юриш-туришим қизиқарли, жудаям қизиқарли. Шундай экан, хоҳласангиз, ўзим билан савол-жавоб қилинг», — дея қўшимча қилади боланинг онаси М.Ғ.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижон вилояти ИИБ ушбу ҳолат юзасидан расмий ахборот берган эди. Унга кўра, Булоқбоши тумани «Сохибкор» МФЙда яшовчи фуқаро Д.М турмуш ўртоғи Ш.М билан ўзининг «Tico» автомашинасида оёғини шифокорга боғлатиш мақсадида келиб, машинасини тўҳтатган вақтида шу кўчада яшовчи вояга етмаган фуқаро М.Х. унинг машинасига туртилиб кетган. Бундан жаҳли чиққан фуқаро Д.М вояга етмаган М.Х.ни уятли сўзлар билан ҳақоратлаб юборган. Орадан бир оз вақт ўтгандан кейин фуқаро Д.М. ўзининг қилган хатти-ҳаракатлари нотўғрилигини хис этиб, М.Х.дан кечирим сўраш мақсадида унинг яшаш уйига борган вақтида М.Х.нинг онаси М.Ғ. фукаро Д.М. ва унинг турмуш ўртоғи Ш.М.ларни яшаш уйининг олдида уятли сўзлар билан ҳақоратлаб, уриб юборган.
Бўлиб ўтган ҳолатдан сўнг фуқаро М.Ғ. шу куннинг ўзида фуқаро Д.М.нинг яшаш хонадонига бориб, ўзининг жаҳлини жиловлай олмасдан уларни уриб юборганлиги учун кечирим сўраган. Фуқаро Д.М. ҳам ўзининг хатти-ҳаракатлари учун шу куннинг ўзида фуқаро М.Ғ.нинг уйига бориб кечирим сўрагани маълум қилинганди.
Аввалроқ Тошкентда бир аёлни «самосуд» қилган уч нафар аёлга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, ҳамма жойи калтакланиб, моматалоқ бўлиб кетган бухоролик йигитнинг Президентга йўллаган видеомурожаати юзасидан ҳамда Андижонда хиёнат қилган эрини излаб борган ҳомиладор аёлнинг калтакланиши юзасидан расмий маълумот берилганди.