Ўзбекистонда ҳаво ифлосланиши туфайли автомобиллар ҳаракатини чеклаш таклиф этилди
Хусусан, юк автомобиллари учун чекловлар жорий этиш, шунингдек, давлат рақамига қараб автомобилларнинг жуфт ва тоқ саналарда ҳаракатланишини йўлга қўйиш кўриб чиқилмоқда

Ўзбекистон Экология ва иқлим ўзгариши қўмитаси атмосфера ҳавоси сифати ёмонлашувини тартибга солиш, ушбу ҳолатнинг олдини олиш ва унинг оқибатларини юмшатишнинг ҳуқуқий ҳамда ташкилий механизмлари тўғрисидаги лойиҳани жамоатчилик муҳокамасига қўйди.
Атмосфера ҳавоси сифати ёмонлашган даврларда вилоят марказлари ва шаҳарларда юк автомобиллари ҳаракатини вақтинча чеклаш ёки уларни аҳоли пунктларини айланиб ўтувчи муқобил йўналишларга йўналтириш режалаштирилмоқда. Ушбу чора транспортнинг атмосферага салбий таъсирини камайтиришга қаратилган.
Зарурат туғилганда автотранспорт воситалари ҳаракатига, шу жумладан давлат рақамининг охирги рақамига қараб жуфт ва тоқ саналар тамойили асосида чеклов жорий этилиши мумкин. Электромобиллар ва махсус транспорт воситалари учун истисно назарда тутилган.
Ушбу чоралар ижросини назорат қилиш президент Администрациясининг тегишли топшириғи асосида Ички ишлар вазирлиги томонидан амалга оширилади.
Атмосфера ҳавоси сифати ёмонлашган ёки ноқулай метеорологик шароитлар кузатилган даврларда жойлардаги экологик вазиятни инобатга олган ҳолда ҳамда Экология ва иқлим ўзгариши қўмитасининг асослантирилган таклифига биноан транспорт ҳаракати вақтинча чекланадиган кўчалар ва йўл участкалари белгиланади.
Табиий чанг ҳосил бўлиши кучайган ва атмосфера ҳавоси сифати ёмонлашган даврларда маҳаллий ҳокимликлар шаҳарлардаги мавжуд барча фаввораларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаши, шунингдек, махсус техника ёрдамида марказий кўчалар, жамоат жойлари ва яшил ҳудудларни суғориш ҳамда намлашни кучайтириши шарт бўлади.
Бундан ташқари, атмосфера ҳавоси сифати ёмонлашган даврларда шаҳар марказлари ва аҳоли зич жойлашган ҳудудларда қурилиш ишларини вақтинча чеклаш кўзда тутилмоқда.
Хусусан, қурилиш майдончаларида чангни бостириш ва унинг ҳавога тарқалишининг олдини олиш учун ускуна ва технологиялардан фойдаланиш, қурилиш материалларини ёпиқ ҳолда сақлаш ва ташиш, ҳудудларни мунтазам намлаб туриш, шунингдек, чанг чиқаришни камайтиришга қаратилган бошқа талабларни бажариш мажбурий бўлади.
Ноқулай метеорологик шароитлар даврида атмосфера ҳавоси ифлосланишини камайтириш мақсадида энергетика корхоналарига ёқилғи сифатида мазутдан фойдаланиш тақиқланади. Ушбу талаб энергия тизимининг барқарор ишлашини таъминлаш зарур бўлган авария ҳолатлари ва фавқулодда вазиятларга татбиқ этилмайди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги атмосфера ҳавоси сифати ёмонлашган ёки ноқулай метеорологик шароитлар юзага келган даврларда аҳолини ҳимоя қилиш чоралари бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиб боради.
Улар орасида очиқ ҳавода, айниқса болалар, кексалар ва сурункали касаллиги бор шахсларнинг бўлишини чеклаш бўйича тавсиялар, таълим муассасаларида очиқ ҳаводаги машғулотларни вақтинча бекор қилиш, оммавий тадбирлар ўтказилишини чеклаш, зарурат туғилганда эса давлат ташкилотларининг иш жадвалини ўзгартириш ёки уларни масофавий форматга ўтказиш каби чоралар мавжуд.
Жамоатчилик муҳокамаси 12 декабрга қадар давом этади.





