8000 та меҳмон, CREAM SODA ва SILA SVETA: Sublimation Festival 2026 қандай ўтди
10 ва 11 октябрь кунлари Ўзбекистон пойтахтида Click финтех-компанияси билан ҳамкорликда ташкиллаштирилган электрон мусиқа ва замонавий санъатнинг йирик халқаро фестивали — Sublimation Festival 2026 бўлиб ўтди

Икки кун давомида «Туркистон» санъат саройи 8 000 нафар меҳмон учун жозибадорлик марказига айланди. Ташриф буюрувчилар замонавий sound, мультимедиа санъати ҳамда ҳудуднинг меъморий мероси уйғунлашган аудиовизуал муҳитга шўнғидилар.
Мусиқий продюсер ва DJ Сабина Иноятова (Sabinē) асос солган ва кураторлик қилган ушбу лойиҳа Марказий Осиёнинг асосий маданий платформаси ва жаҳон даражасидаги воқелик сифатидаги мақомини яна бир бор тасдиқлади.
Sublimation Festival 2026 рақамларда:
• 8 000 та ташриф буюрувчи (2 кун давомида);
• 18+ та давлатдан келган меҳмонлар (Буюк Британия, АҚШ, БАА, Нидерландия, Испания, Бельгия, Ҳиндистон, Сингапур, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Россия ва бошқалар);
• Ўзбекистон, Буюк Британия, Франция, Литва ва бошқа мамлакатлардан 20+ та санъаткор ва дижейлар;
• ноёб концепцияга эга 2 та саҳна — NUR Stage ва TURON Stage;
• Sila Sveta студиясидан «Туркистон» саройининг модернистик меъморчилигини 1 та кенг кўламли мультимедиявий трансформацияси.

Ёрқин чиқишлар ва layn-ap кульминацияси
Фестиваль бир вақтнинг ўзида иккита саҳнада қизғин давом этди ва томошабинларга жаҳон юлдузлари ҳамда етакчи маҳаллий ижрочиларнинг бой дастурини тақдим этди:
• Nooriyah (UK): Boiler Room, Glastonbury ва Coachella юлдузи бўлмиш британиялик-араб санъаткор NUR Stage саҳнасида биринчи куннинг бош хедлайнерига айланди. Унинг рақс электроникасини SWANA минтақаси мусиқий мероси билан бирлаштирган драйвга бой сети минглаб томошабинларнинг самимий олқишларига сазовор бўлди;
• KAS:ST (FR): Француз дижейи томошабинларга фестивалнинг энг гипнотик ва бақувват сетларидан бирини улашди. Унинг чуқур индустриал-техно ва мелодик пассажлар туташган кинематографик саунди бутун майдонни ягона импульсда рақсга тушишга мажбур этди ва кечки дастурнинг ёрқин кульминациясига айланди;
• Sabinē X Farangiz Ensemble: Фестивалнинг иккинчи кунидаги энг таъсирли ва чуқур концептуал нуқталардан бири Sublimation ҳаммуассиси Сабина Иноятова ва Farangiz Ensemble фольклор ансамблининг биргаликдаги жонли чиқиши бўлди. Замонавий электрон мусиқа ва анъанавий ўзбек саунди туташган ушбу сет маҳаллий ўзликни ёрқин тарзда қайта талқин этиб берди;
• CREAM SODA: Бош саҳнадаги CREAM SODA гуруҳининг чиқиши иккинчи куннинг ҳақиқий энергия портлаши бўлди. «Плачу на техно», «Никаких больше вечеринок» ва «Медленно» хитлари муаллифлари севимли трекларини ҳамда янги хитларини ижро этган ҳолда кенг кўламли лайв-шоу тақдим этишди. Уларнинг мусиқаси остида фестивалнинг кўп минг кишилик аудиторияси бир овоздан куйлади.

Фестиваль саҳналарида шунингдек қуйидагилар чиқиш қилишди: basic chanel (UK), Pakas (LT), UFO AGA, DJ Piligrim, Doppi Twins X Ojiza Izdoshlari (Xorazm Ensemble), Saya Musa X Youth Choir, LOUD373 X SHAXLO, Ruhsora Emm, Rishat Band, Isl X OnBr, Josef Tumari X Äwlep, mushTary, Laylo, Maqom X IANIIIRON.
Sila Sveta’дан визуал трансформация
Дунёга машҳур Sila Sveta студиясининг фазовий ёруғлик ва мультимедиа безаклари фестиваль муҳитида алоҳида ўрин тутди. Ушбу студия ўз портфелида The Weeknd, Billie Eilish, FIFA шоулари ва Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази лойиҳаларига эга.
Sila Sveta Music жамоаси муаллифлик ёруғлик сценарийлари ва 3D-артни ишлаб чиқиб, «Туркистон» саройининг кечки модернизм меъморчилигини — унинг оппоқ фасадлари, ўймакор сталактит уялари ва оқ мармарини — яхлит иммерсив аудиовизуал муҳитга айлантирди.

Ички нигоҳ: жамоанинг натижалари ва ҳиссиётлари
Ростини айтсам, фестиваль жамоадан улкан куч ва энергия талаб қилди, аммо меҳмонларнинг бахтиёр кўзлари ва самимий ҳиссиётлари ҳаммаси бекорга бўлмаганини англатди. Бу йилги лойиҳа мен учун энг қизиқарлиси бўлди — кўп жиҳатдан ажойиб SILA SVETA жамоаси билан ҳамкорлик туфайли. Биз ҳар йили маррани баландроқ кўтаришга интиламиз ва бу сафар нафақат керакли миқёсга эришиш, балки одамлар Sublimation’га нима учун келишса, ўша бетакрор муҳитни қайта яратиш ҳам қўлимиздан келди. Натижадан чин дилдан бахтиёрман, жамоамиз ва ушбу воқеликнинг бир қисмига айланган ҳар бир киши билан фахрланаман. Биз билан бўлган барчага раҳмат, — деб бўлишди Sublimation Festival асосчиси Сабина Иноятова.

Келажакка назар: 2027 йил режалари
Sublimation Festival 2026 муваффақияти минтақада кенг кўламли аудиовизуал лойиҳаларга ҳамда халқаро ва маҳаллий маданият синергиясига бўлган қизиқиш тинимсиз ортиб бораётганини яна бир бор исботлади.
Ташкилотчилар Sublimation 2027 фестивали концепцияси устида ишлашни бошлаб юборишган. Келаси йили жамоа санъаткорлар географиясини янада кенгайтиришни, янги мультимедиа форматларини таклиф қилишни ва Тошкентнинг Марказий Осиёдаги замонавий мусиқа ҳамда медиа-санъат маркази сифатидаги мақомини мустаҳкамлашда давом этган ҳолда сифат даражасини янги босқичга кўтаришни режалаштирмоқда.





