Тошкентда 122 нафар хорижлик ишлаган 2-та ноқонуний колл-марказ фош этилди

Тезкор тадбир давомида мингдан ортиқ SIM-карталар, юзлаб мобил телефонлар ва бошқа техника воситалари мусодара қилинди

Тошкентда Осиё-Тинч океани минтақаси давлатлари фуқаролари томонидан ташкил этилган иккита ноқонуний колл-марказ аниқланди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Тезкор тадбир давомида жами 122 нафар чет элликлар аниқланиб, улардан 18,5 минг АҚШ доллари, 116,5 млн сўм, 67 та ноутбук, 569 та уяли алоқа воситаси, 6 та Wi-fi, 3 та сунъий йўлдош алоқа қурилмаси, 5 та компьютер, 3 та планшет ва хорижий давлатлар мобил операторларига тегишли 1000 дан ортиқ SIM-карталар ашёвий далил сифатида олинди.

Мазкур шахслар Европа ва Шарқий Осиё мамлакатларида оммалашган онлайн-платформалар орқали фирибгарлик схемаларини амалга ошириш ҳамда вирусли ҳаволаларни юбориш йўли билан хорижий давлатлар фуқароларининг пул маблағларини ўзлаштириш билан шуғулланишган.

Бундан ташқари, улар жами 64895 USDT миқдоридаги крипто-активларнинг ноқонуний айланмасини амалга оширганликлари ҳам аниқланди.

Ҳозирда ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон