Тошкентнинг янги аэропорти ёнида 5 млрд долларлик Aerocity қурилади

Логистика марказлари ва электрон тижорат марказлари, таниқли брендлар дўконлари, замонавий меҳмонхоналар ҳамда турар жой мажмуаларини ўз ичига олган ягона экотизим яратиш режалаштирилмоқда

Тошкентнинг янги халқаро аэропорти ёнида қиймати 5 миллиард долларлик Aerocity қурилади, деб маълум қилди президент Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари сўнгги йилларда мамлакатда 11 та халқаро аэропорт замонавий талаблар асосида реконструкция қилинганини эслатиб ўтди.

Мўйноқ, Қўқон, Зомин, Арнасой, Шаҳрисабз, Сариосиё ва Сўхдаги аэропортлар тикланиб, аэропортлар сони 18 тага етди. Урганч, Самарқанд, Бухоро ва Наманган аэропортлари хусусий шериклик асосида инвесторларга ишончли бошқарувга берилди.

Жорий йилда авиация орқали йўловчи ташиш ҳажми 17 миллион нафарни ташкил этади, яқин йилларда мазкур кўрсаткични 25 миллион нафарга етказиш мақсад қилинган.

Саудия Арабистони, Япония ва Жанубий Корея компаниялари билан ҳамкорликда 1 минг 300 гектар майдонда янги халқаро аэропорт барпо этилмоқда.

Ушбу аэропортга туташ 800 гектар майдонда 5 миллиард долларлик Аэроcity лойиҳаси амалга оширилади. Унда логистика ва электрон тижорат марказлари, нуфузли брендлар, замонавий меҳмонхоналар ва турар жойларни қамраб олган яхлит экотизим яратилади.

Мутасаддиларга келгуси йилнинг 1-июльигача ҳудуднинг мастер-режасини якунлаб, маҳаллий ва хорижлик инвесторларга тақдим этиш топширилди.

Ўзбекистон