Шавкат Мирзиёев Қоҳирадаги ЙТҲ муносабати билан Мисрга ҳамдардлик билдирди

Ўзбекистон Президенти ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик ва далда билдирди, шунингдек, жароҳатланганлар тез фурсатда соғайиб кетишини тилади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Миср пойтахти Қоҳира шаҳрида автоҳалокат туфайли юзага келган кучли ёнғин оқибатида кўплаб инсонлар қурбон бўлгани ва жароҳат олгани муносабати билан Миср Араб Республикаси Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисига таъзия йўллади.

Давлат раҳбари ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик изҳор этиб, жароҳатланганлар тез фурсатда соғайиб кетишини тилади.

Маълумот учун, ёнилғи ташувчи автомобиль иштирокидаги авария Ал-Варроқ туманида содир бўлган. ЙТҲ оқибатида 31 киши ҳалок бўлди, яна 26 киши жароҳатланди.

Ёнилғи ташувчи машина ҳаракат оқимларини ажратиб турувчи тўсиққа урилиб, ағдарилиб кетган ва шундан сўнг портлаш юз берган. Кейинроқ олов ён-атрофдаги автомобилларга ҳам ўтган.

Миср Бош прокуратураси ЙТҲни келтириб чиқаришда гумонланаётган эркак қўлга олинганини маълум қилди. Сўроқ пайтида у отаси билан бирга соатига тахминан 110 км тезликда ҳаракатланганини, доимий равишда қаторларни алмаштириб, бошқа автомобилларни қувиб ўтганини тан олган.

Ўзбекистон