Жаҳон банки Ўзбекистонга ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш мақсадида $800 млн ажратади

Улар юқори ҳақ тўланадиган кўпроқ иш ўринларини яратиш, хусусий сектор ролини кенгайтириш, мамлакатнинг жаҳон иқтисодиётига интеграциялашувини чуқурлаштириш ҳамда янада экологик тоза ва инклюзив иқтисодиётни шакллантиришга қаратилган

Жаҳон банкининг Ижрочи директорлар кенгаши Ўзбекистондаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш учун 800 млн долларлик молиялаштириш пакетини маъқуллади, дея хабар бермоқда банк матбуот хизмати.

Ислоҳотлар юқори ҳақ тўланадиган кўпроқ иш ўринларини яратиш, хусусий сектор ролини кенгайтириш, мамлакатнинг жаҳон иқтисодиётига интеграциялашувини чуқурлаштириш ҳамда янада экологик тоза ва инклюзив иқтисодиётни шакллантиришга қаратилган. Улар барча ҳудудлардаги аёллар, фермерлар ва корхоналар учун имкониятларни кенгайтиришга хизмат қилади.

Хусусан, 2029–2031 йилларда таклиф этилаётган чора-тадбирлар 275 000 та қўшимча ва янада сифатли иш ўринлари эквивалентини яратишга хизмат қилади.

Жаҳон банки томонидан кўрсатилаётган ушбу ёрдам Ўзбекистон ҳукуматига қуйидаги йўналишларда ислоҳотларни амалга оширишда кўмаклашади:

• аёлларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш ва ижтимоий ҳимояни кучайтириш: ижтимоий суғурта дастурларини, жумладан, ҳомиладорлик ва туғиш ҳамда вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаларини тўлаш тизимини кенгайтириш, иш жойида янада хавфсиз меҳнат шароитлари ва ҳурматга асосланган муносабатни таъминловчи механизмларни такомиллаштириш, шунингдек, эҳтиёжманд фуқаролар ва оилаларга кўрсатиладиган хизматлар сифатини ошириш учун ижтимоий ишнинг профессионал даражасини юксалтириш;

• хусусий сектор рақобатбардошлигини ошириш: хусусий бизнес, инвестициялар, инновациялар ва янги иш ўринлари учун имкониятларни кенгайтириш мақсадида давлат корхоналарини янада ислоҳ қилишга кўмаклашиш ҳамда ҳалол рақобат асосларини мустаҳкамлаш;

• янада интеграциялашган рақамли иқтисодиёт: корхоналарга шахсга доир маълумотларни тегишли тарзда ҳимоя қилган ҳолда рақамли технологиялар, булутли сервислар ва халқаро рақамли платформалардан фойдаланишни осонлаштириш учун маълумотларни хавфсиз трансчегаравий узатиш қоидаларини такомиллаштириш. 2028 йилга келиб дастур кенг полосали алоқа фойдаланувчилари сонини 500 000 нафарга оширишга қаратилган бўлиб, уларнинг 250 000 нафарини аёллар ташкил этади;

• замонавий ва ишончли энергетика хизматлари: электр энергияси ва табиий газ бозорларини тартибга солувчи норматив база ҳамда институтларни мустаҳкамлаш, шунингдек, хусусий инвестициялар, жумладан, электр энергиясини ишлаб чиқариш ва тақсимлаш соҳасига инвестиция киритиш имкониятларини кенгайтириш. 2028 йилга келиб дастур электр энергияси истеъмолчиларининг 15% хусусий операторлар бошқарувидаги тақсимлаш тармоқлари орқали хизмат кўрсатилишини таъминлашга қаратилган;

• фермер хўжаликлари барқарорлигини ошириш: фермер ва чорвадорларни қурғоқчилик, тошқинлар, экстремал об-ҳаво ҳодисалари ва бошқа қишлоқ хўжалиги хавф-хатарларидан яхшироқ ҳимоя қилиш учун қишлоқ хўжалиги суғуртасини кенгайтириш. 2028 йилга келиб дастур уларнинг суғурта билан қамраб олиниш даражасини 35%гача етказишга қаратилган;

• савдони жадаллаштириш ва соддалаштириш: корхоналар учун халқаро савдони осонлаштириш ва арзонлаштириш, шунингдек, мамлакатнинг жаҳон иқтисодиётига интеграциялашуви ва ЖСТга аъзо бўлишига кўмаклашиш мақсадида савдо тартиб-таомилларини модернизация ва рақамлаштириш, Ўзбекистон ташқи савдосида «ягона дарча» тизимини такомиллаштириш ҳамда чегара тартиб-таомилларини соддалаштириш;

• янада экологик тоза ва энергия тежамкор ўсиш: биноларнинг энергия самарадорлиги стандартларини такомиллаштириш ҳамда корхоналарнинг атроф-муҳит ифлосланиши ва энергия сарфини камайтириш имконини берувчи янада тоза технологияларга инвестиция киритишини рағбатлантириш. 2028 йилга келиб дастур энергия самарадорлигини оширишга 10 млн долларлик хусусий инвестицияларни жалб этиш ҳамда қайта тикланувчи энергия манбалари асосидаги тақсимланган генерация қувватларини 3 000 МВтгача оширишга қаратилган.

Ўзбекистон