Tashkent City’да уй ҳайвонларини сайр қилдиришнинг янги қоидалари жорий этилиши мумкин

Tashkent City ҳудудида ҳайвонларни сақлаш ва сайр қилдиришнинг янги қоидаларини белгиловчи регламент лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги Tashkent City халқаро ишбилармонлик марказининг бинолари ва ободонлаштирилган ҳудудларини сақлаш ҳамда улардан фойдаланишни тартибга солувчи регламент лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди.

Регламентнинг алоҳида бўлими уй ҳайвонларини сақлаш ва уларни сайр қилдиришга қўйиладиган талабларни белгилайди.

Хусусан, эгаларига уй ҳайвонларини хизмат кўрсатувчи ташкилотда рўйхатдан ўтказиш ва ҳар йили рўйхатга олинганликни тасдиқлаб бориш мажбуриятини юклаш режалаштирилмоқда.

Аҳолига қўшнилар ва хизмат кўрсатувчи ташкилот розилиги билан ҳар бир турдаги ҳайвондан кўпи билан биттадан сақлашга рухсат берилади. Шунингдек, эгалар уй ҳайвонларининг қутуришга қарши ўз вақтида эмланишини кузатиб боришлари ва соат 22:00 дан 08:00 гача тинчлик бузилишига йўл қўймасликлари шарт бўлади.

Tashkent City ҳудудида уй ҳайвонларини умумий фойдаланиш жойларида, таълим ва тиббиёт муассасаларида сақлаш, шунингдек, уларни дўконлар ва умумий овқатланиш корхоналарининг савдо ҳамда ишлаб чиқариш зоналарига олиб киришни тақиқлаш таклиф этилмоқда.

Бундан ташқари, ҳайвонларни бассейнлар, фавворалар ва бошқа жамоат жойларида чўмилтириш ва ювиш, уларни сайр қилдиришни 14 ёшга тўлмаган болаларга ҳамда маст ҳолатдаги шахсларга ишониб топшириш, уларга жароҳат етказиш ёки жабрланган ҳайвонларни қаровсиз қолдириш мумкин бўлмайди. Санитария-эпидемиология ва ветеринария хизматларининг рухсатисиз ҳайвон сақлашни тақиқлаш алоҳида кўзда тутилган.

Ҳайвонларни сайр қилдириш вақтида эгалар боғич ёки махсус мосламалардан фойдаланишлари керак бўлади. Бундан ташқари, уй ҳайвонининг бўйинбоғига идентификация рақами туширилган жетон маҳкамланиши шарт.

Итлар ва бошқа тажовузкор бўлиши мумкин бўлган ҳайвонларни сайр қилдириш учун эгалари тумшуқбоғ ёки махсус мосламалардан, шунингдек, очиқ ҳудудларда узунлиги икки метрдан, жамоат жойларида эса бир метрдан ошмайдиган боғичдан фойдаланишлари лозим бўлади.

Уй ҳайвонларини боғичдан бўшатиш ва тумшуқбоғини ечишга фақат махсус жиҳозланган майдончаларда рухсат берилади. Бунда эгалар уй ҳайвонларининг қочиб кетишига йўл қўймасликлари ҳамда одамлар ва бошқа ҳайвонларга ҳужум қилиш эҳтимолининг олдини олишлари шарт.

Қаровсиз қолдирилган ёки боғичсиз юрган уй ҳайвонлари, зотидан қатъи назар, ҳатто бўйинбоғи, жетони ёки тумшуқбоғи бўлган тақдирда ҳам тутилиши лозим бўлади. Тутилган ҳайвонлар беш кун муддатга махсус хизматларга жойлаштирилади. Уй ҳайвонини олиб кетиш учун эгаси ветеринария паспортини тақдим этиши ва уни сақлаш харажатларини қоплаши керак бўлади.

Регламент умумий фойдаланиш ҳудудларида қаровсиз ҳайвонларни овқатлантиришни ҳам тақиқлайди. Улар аниқланган тақдирда аҳоли бу ҳақда хизмат кўрсатувчи ташкилотга ёки ҳайвонларни тутиш хизматига хабар бериши шарт.

Тегишли лойиҳа муҳокамаси 10 декабрга қадар давом этади.

Ўзбекистон