Ўзбекистонда болалар орасида Коксаки вируси тарқалгани ҳақидаги хабарлар рад этилди
Касалликнинг эпидемиологик тарқалиши бўйича хавотирли ҳолат кузатилмаётгани билдирилди

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда болалар орасида Коксаки вируси оммавий тарқалгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Ҳозирги вақтда Ўзбекистон Республикасида энтеровирусли инфекциялар шу жумладан Коксаки вируси бўйича эпидемиологик вазият барқарор ва назорат остида, деб хабар беради Санепидқўмита матбуот хизмати.
Қайд этилишича, Коксаки вируси — энтеровируслар гуруҳига мансуб бўлган юқумли касаллик қўзғатувчисидир. Бугунги кунда ушбу вируснинг 30 га яқин тури маълум.
Болаларда касаллик белгилари: иситма 39-40 ° С гача, шишган лимфа тугунлари, кўнгил айниши ва қайт қилиш, кучли бош оғриғи, танадаги тошмалар, оғизда, тилда ва милкда оғриқли яралар ва пуфакчалар, томоқ оғриғи, овқатланишдан бош тортиш.
Вирус қуйидаги йўллар орқали юқади: ҳаво-томчи йўли орқали, ифлос қўллар ва ўйинчоқлар орқали, умумий фойдаланиладиган идиш-товоқлар орқали, беморнинг терисидаги пуфакчалар суюқлиги ва ажралмалари билан бевосита алоқа қилганда.
Натижада, касалликнинг эпидемиологик тарқалиши бўйича хавотирли ҳолат кузатилмаётгани билдирилди. Санепидқўмита фуқаролардан фақат расмий манбалар томонидан тақдим этилаётган ишончли маълумотларга таянишни сўради.





