Тошкентда Анҳор канали бўйлари комплекс ободонлаштирилади

Ишлар Чилонзор туманидаги 1,7 км узунликдаги участкада олиб борилмоқда

Чилонзор туманида Анҳор канали бўйларини комплекс ободонлаштириш ва янги сайлгоҳ ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда, дея хабар бермоқда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати.

Хусусан, Чилонзор туманида Анҳор каналининг Бунёдкор кўчасидан Наққошлик кўчасигача бўлган 1,7 километрлик қисмида комплекс ободонлаштириш ва янги сайлгоҳ барпо этиш ишлари давом этмоқда.

Айни пайтга қадар канал ўзанининг 500 метрдан ортиқ қисмида бетонлаш ишлари амалга оширилди. Лойиҳага мувофиқ, канал бўйлаб умумий узунлиги 3,4 километрни ташкил этувчи велосипед ва пиёдалар йўлаклари барпо этилади.

Шунингдек, каналнинг икки қирғоғини ўзаро боғловчи 3 та кўприк қурилиши ҳамда аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида канал қирғоқлари бўйлаб ҳимоя панжаралари ўрнатилиши кўзда тутилган.

Ҳудуднинг экологик ҳолатини яхшилаш ҳамда сайлгоҳнинг табиий жозибадорлигини ошириш мақсадида 500 дан ортиқ дарахт ва бута кўчатларини экиш режалаштирилган.

Ҳозирда қурилиш ва ободонлаштириш ишларига 100 нафарга яқин ишчи ҳамда 12 та махсус техника жалб этилган. Лойиҳани 2027-йилнинг май ойида якунлаш ва сайлгоҳни фойдаланишга топшириш мўлжалланган.

 

Ўзбекистон