Ўзбекистонда хорижий қуролли можароларда иштирок этганлик учун жазони кучайтириш режалаштирилмоқда
Депутатлар тегишли қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда қабул қилди. Ҳужжатда чет давлатларнинг ҳарбий хизматига кириш ва хориждаги қуролли можароларда иштирок этиш учун жавобгарликни такомиллаштиришга қаратилган Жиноят кодексига ўзгартишлар киритиш назарда тутилган

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари тинчлик ва инсоният хавфсизлигига қарши жиноятларнинг айрим тоифалари учун жавобгарликни такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиришлар тўғрисидаги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда маъқуллади. Бу ҳақда парламент қуйи палатаси матбуот хизмати хабар бермоқда.
Мажлисда «Тинчлик ва инсониятнинг хавфсизлигига қарши айрим тоифадаги жиноятлар учун жавобгарлик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Мазкур қонун лойиҳаси фуқароларнинг хорижий давлатлар ҳудудидаги қуролли тўқнашувларда иштирок этишининг олдини олиш, уларни турли ҳарбий тузилмаларга жалб қилиш билан боғлиқ хавф-хатарларни камайтириш ҳамда тинчлик ва хавфсизликка қарши жиноятлар учун жавобгарликни такомиллаштиришга қаратилган.
Қонун лойиҳаси билан Жиноят кодексининг 154-1-моддасига ўзгартиришлар киритилиб, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет давлатларнинг ҳарбий хизмати, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кириши ёки ушбу органларга хизматга ёлланганлик учун жиноий жавобгарлик такомиллаштирилмоқда.
Шунингдек, хорижий давлатлар ҳудудидаги қуролли тўқнашувларда иштирок этиш билан боғлиқ жиноий қилмишлар учун жавобгарлик нормалари аниқлаштирилмоқда.
Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши фуқароларимизнинг хориждаги қуролли можароларга жалб этилишининг олдини олиш, миллий хавфсизликни таъминлаш, шунингдек, тинчлик ва инсоният хавфсизлигига қарши қаратилган жиноятларга қарши курашишнинг ҳуқуқий механизмларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда қабул қилинди.





