Тошкент шаҳри ва унга туташ ҳудудларни боғловчи янги автобус йўлга қўйилди

23 ноябрдан бошлаб «Кенсой қўрғони — Юнусобод Универсам» йўналишидаги 158-сонли автобус қатнови йўлга қўйилди

Тошкентда пойтахтни шаҳар атрофи билан боғловчи янги 158-сонли автобус йўналиши йўлга қўйилди. Бу ҳақда шаҳар Транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бош бошқармаси матбуот хизмати хабар бермоқда.

23-ноябрдан бошлаб Тошкент шаҳри ва унга туташ агломерация ҳудудлари ўртасидаги транспорт алоқаларини янада ривожлантириш, аҳоли учун жамоат транспорти қамровини кенгайтириш, йўловчиларга кўрсатилаётган транспорт хизматлари сифати ва қулайлигини ошириш ҳамда кундалик қатновлар учун қўшимча имкониятлар яратиш мақсадида 158-сонли «Кенсой қўрғони — Юнусобод Универсам» янги автобус йўналиши фаолияти йўлга қўйилди, — дейилади хабарда.

Мазкур йўналиш Тошкент вилоятининг Кенсой қўрғонидан бошланиб, Абу Райҳон Беруний университети, Раҳбар ота масжиди, 23-сонли оилавий поликлиника, Уч Қаҳрамон ва 271-мактаб ҳудудлари орқали Тошкент шаҳрининг Юнусобод Универсам бекатигача ҳаракатланади.

Йўналишда «Зиётранс» МЧЖ томонидан 10 та ўрта сиғимли автобус йўловчиларга хизмат кўрсатади.

Ўзбекистон