O‘zLiDeP конгрессига тайёргарлик доирасида ҳудудларда партия конференциялари ўтказилади
Ушбу конференцияларда бошланғич ташкилотлардан келиб тушган таклифлар умумлаштирилиб, партиянинг навбатдаги Конгрессига делегатлар сайланади

O‘zLiDePнинг навбатдаги конгрессига тайёргарлик доирасида республикадаги туман ва шаҳар партия кенгашларининг конференциялари ўтказилади, деб хабар беради партия матбуот хизмати.
Конгрессга тайёргарлик жараёни дастлаб республика бўйлаб бошланғич партия ташкилотларидаги умумий йиғилишлардан бошланди. Уларда партия фаолиятини янгилаш, янги Сиёсий дастур лойиҳаси, электорат манфаатларини кенгроқ қамраб олиш ва келгуси устувор вазифалар юзасидан таклифлар билдирилди.
Энди жараённинг кейинги босқичи сифатида 23–24 ноябрь кунлари республикадаги туман ва шаҳар партия кенгашларининг конференциялари ўтказилади. 25 ноябрь куни эса Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар партия ташкилотларининг конференциялари бўлиб ўтади.
Ушбу конференцияларда бошланғич ташкилотлардан келиб тушган таклифлар умумлаштирилиб, партиянинг навбатдаги Конгрессига делегатлар сайланади.
Шунингдек, янги Сиёсий дастур лойиҳаси, партиянинг ташкилий тузилмасини такомиллаштириш, электорат сафини кенгайтириш, тадбиркорлар, фермерлар, зиёлилар, таълим, тиббиёт ходимлари, маданият, спорт, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари, ёшлар, хотин-қизлар ва бошқа ижтимоий қатламлар манфаатларини ифода этиш масалалари муҳокама этилади.





