Тошкентда мефедрон, МДМА ва кокаин тарқатган наркогуруҳ фош этилди

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари 100 500 та бир марталик дозага тенг миқдордаги тақиқланган моддалар тарқалишининг олдини олишга муваффақ бўлди

Тошкентда мефедрон, МДМА ва кокаин тарқатиш билан шуғулланган наркогуруҳ фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда пойтахт ИИББ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Хусусан, муқаддам судланган эркак ва унинг шериклари Янгиҳаёт туманида синтетик гиёҳвандлик воситаларини «закладка» усулида тарқатаётган вақтда қўлга олинади.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари 500 грамм мефедронни аниқлаб, ашёвий далил сифатида олинади. Шу билан бирга, гумонланувчиларнинг яшаш манзили тинтув қилинганда, у ердан 500 грамм мефедрон, 60 грамм МДМА, кокаин ҳамда 3 000 дона зип-пакет, 2 кг пластилин ва изолента аниқланади.

Тезкор тадбир Яккасарой туманида давом эттирилади. У ерда олти нафар «закладчик» қўлга олинди. Улар яширин жойлардан тақиқланган моддаларни олаётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланади.

Маълум бўлишича, наркодўкон куратори Миробод туманидаги яна бир яширин жой координаталарини юборган ва у ерда 1 кг мефедрон бўлган. Қайд этилишича, тақиқланган моддалар хорижий давлат фуқароси бўлган халқаро наркокурьер воситачилигида олиб кирилган.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари 100 500 та бир марталик дозага тенг миқдордаги гиёҳвандлик воситалари тарқалишининг олдини олишга муваффақ бўлди.

Жиноят кодексининг 273-моддаси 6-қисми «а» банди (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, қайта ишлаш, олиш, сақлаш, бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек, уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилди.

Ўзбекистон