Ўзбекистонда қурилиш материаллари сифатини текшириш учун 3-та лаборатория ташкил этилади
Президент Шавкат Мирзиёев мутасаддиларга бир ой муддатда уларни жойлаштириш манзилларини белгилаш бўйича топшириқ берди

Президент Шавкат Мирзиёев қурилиш индустрияси ва туризм соҳаларидаги инвесторлар ҳамда тадбиркорлар билан учрашув давомида пардозбоп тошлар тармоғида хомашёдан тўлиқ фойдаланиш ва чиқиндиларни қайта ишлаш масаласига алоҳида эътибор қаратди.
Янги Тошкентдаги қурилишлар ва маҳаллий маҳсулотлар рақобатбардошлигини ошириш бўйича қўшимча чоралар белгиланди.
Янги Тошкентда катта ҳажмдаги қурилиш ишларини амалга ошираётган девелоперларнинг айланма маблағга эҳтиёжини қоплаш учун ўн кун ичида 200 млн долларлик имтиёзли кредит линияси очилади. Ушбу маблағлар фақат маҳаллий қурилиш материалларини харид қилишга йўналтирилади.
Маҳаллий корхоналар сифат кўрсаткичлари текширилмаган арзон импорт маҳсулотлари билан рақобат қилаётгани, бироқ уларни синовдан ўтказиш учун лабораториялар етишмаслиги таъкидланди.
Аҳолини сифатсиз ва саломатлик учун хавфли маҳсулотлардан ҳимоя қилиш мақсадида Тошкент шаҳри, Фарғона ва Самарқандда учта замонавий лаборатория ташкил этилади.
Мутасаддиларга бир ойда лабораториялар жойлашувини аниқлаш ва уларни келаси йил ишга тушириш топширилди.





