Ўзбекистонда катта миқдордаги наркотик моддалар айланмаси тўхтатилди
Аниқланган барча ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда

Ўзбекистоннинг бир нечта ҳудудларида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди, дея хабар бермоқда ДХХ матбуот хизмати.
Самарқанд вилоятининг Ургут туманида икки нафар маҳаллий фуқаро қўлга олинди. Улар шартли харидорга 1 кг 950 гр опий гиёҳвандлик воситасини $36 мингга сотишга уринган вақтида ушланган. Гиёҳвандлик моддаси мамлакатга контрабанда йўли билан олиб кирилган.
Шунингдек, Хоразм вилоятидаги тадбирда эса аввалдан кузатувга олинган шахс Урганч туманида вақтинча яшаб турган хонадонидан чиққан пайтда тўхтатилган. Айни шу вақтда унинг яқин таниши бўлган аёл хонадон деразасидан целлофан пакетни ташқарига улоқтиради.
Воқеа жойини холислар иштирокида кўздан кечирилганда, пакетда мазкур шахсга тегишли жами 715 гр «гашиш», 0,92 гр «мефедрон» синтетик гиёҳвандлик воситаси ҳамда таркибида “прегабалин” кучли таъсир қилувчи моддаси бўлган «ПГН 300» номли 23 дона дори воситаси борлиги аниқланган.
Қашқадарё вилоятида эса «Умакай» йўл-патрул хизмати масканида Сурхондарёдан Тошкентга кетаётган Cobalt русумли автомобил тўхтатиб текширилади.
Унда йўловчи сифатида кетаётган, Денов туманида яшовчи, 1996 йилда туғилган шахснинг ёнидан 327 гр «опий» ва 127 гр «гашиш» топилиб, улар белгиланган тартибда расмийлаштириб олинди. Тақдим этилган маълумотга кўра, ушбу моддалар муқаддам Тожикистондан контрабанда йўли билан олиб кирилган.
Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.





