Шавкат Мирзиёев халқаро авиарейслар географиясини кенгайтириш бўйича топшириқ берди
Масъуллар «бешинчи ҳаво эркинлиги» режимидан фойдаланган ҳолда хорижий авиакомпаниялар билан музокараларни фаоллаштиради

Президент Шавкат Мирзиёев халқаро авиарейслар географиясини кенгайтиришни туризмни ривожлантиришнинг яна бир муҳим омили сифатида белгилади.
Қайд этилишича, Ўзбекистондан дунёнинг 102 та шаҳрига тўғридан-тўғри халқаро рейслар мавжуд. Бироқ Австралия ҳамда Шимолий ва Шарқий Европанинг айрим давлатларидан сайёҳлар ҳали ҳам транзит йўналишлар орқали келмоқда.
Келаси ойдан Туркиянинг Pegasus авиакомпанияси Бухоро, Термиз ва Андижонга тўғридан-тўғри рейсларни йўлга қўйиши маълум қилинди. Турк ҳаво йўллари, Etihad Airways ва Flynas каби компаниялар ҳам янги йўналишларга қизиқиш билдирмоқда.
Натижада, мутасаддиларга «бешинчи ҳаво эркинлиги» режимидан фойдаланган ҳолда хорижий авиакомпаниялар билан музокараларни фаоллаштириш вазифаси қўйилди.





