Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонаси визага онлайн ёзилишни вақтинча тўхтатди
Бундай қарор виза олиш учун онлайн ёзилиш тизимига рухсатсиз кириш ҳолатлари бир неча бор қайд этилгани сабабли қабул қилинди

Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонаси виза расмийлаштириш учун онлайн-банд қилиш тизими фаолиятини вақтинча тўхтатди, деб хабар берди дипломатик ваколатхона матбуот хизмати.
Қарор тизимга рухсатсиз кириш ҳолатлари бир неча бор қайд этилгани сабабли қабул қилинган.
Тизимга кескин зарурат бўлмаса, кирмасликни сўраймиз. Шу билан бирга, тизимга кириш билан боғлиқ вазиятни кузатиб борамиз ва унинг хавфсиз ишлаши учун шароит яратилиши билан ёзилиш учун слотларни босқичма-босқич очишни режалаштиряпмиз, — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, элчихона ушбу масала бўйича телефон ёки электрон почта орқали сўровларни қабул қилмайди.
Вақтинчалик чора сифатида, бўлиш мақоми тўғрисидаги сертификат (Certificate of Eligibility, COE) берилган шахсларга, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан берилган вербал нотага эга бўлган шахсларга электрон почта орқали қабулга ёзилиш имкониятини таклиф этамиз, — дейилади хабар матнида.
Бунинг учун юқорида кўрсатилган ҳужжатларни илова қилган ҳолда visa@ts.mofa.go.jp электрон почта манзилига мурожаат қилиш мумкин, шундан сўнг элчихонадан ариза топшириш санаси маълум қилинади.





