Бугун Ўзбекистонда навбатдаги «Автомобилсиз кун» акцияси бўлиб ўтади
Давлат ташкилотлари ва идоралари ходимларига хизмат автотранспорт воситаларидан фойдаланиш тақиқланади

Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида «Автомобилсиз кун» акцияси бўлиб ўтади, деб хабар бермоқда Экология қўмитаси матбуот хизмати.
Мазкур ташаббус автотранспорт воситаларидан ҳавога чиқадиган зарарли ташламаларни камайтириш ва бу орқали экологик барқарор муҳитни шакллантириш, шунингдек, жамоат транспорти ва экологик тоза транспорт воситаларидан фойдаланиш маданиятини кенг тарғиб қилишга хизмат қилади, — дейилади хабарда.
«Автомобилсиз кун» ва «Автомобилсиз ҳафта» акциялари доирасида давлат фуқаролик хизматчилари томонидан автотранспорт воситаларидан фойдаланиш жавобгарликка сабаб бўлади.
Давлат ва нодавлат ташкилотлар ҳамда юртдошлар акцияларда фаол қатнашишга, атмосферага зарарли ташламалар чиқармайдиган «яшил» транспорт воситалари, электромобиллар ва жамоат транспортидан кўпроқ фойдаланишга чақирилди.





