«Ғишткўприк» чегара ўтказиш пунктида халқаро автобус қатновлари учун «яшил йўлак» ташкил этилди

Янгилик автобусларга умумий навбатда кутмасдан, чегара назоратидан тезлаштирилган тартибда ўтиш имконини беради

«Ғишткўприк» чегара ўтказиш пунктида халқаро автобус қатновлари учун «яшил йўлак» ташкил этилди, деб хабар бермоқда Транспорт вазирлиги матбуот хизмати.

25-ноябрдан «Ғишткўприк» чегара ўтказиш пункти ўз фаолиятини қайта бошлаши муносабати билан халқаро автомобил транспортида йўловчи ташиш соҳасида қўшимча қулайликлар яратилмоқда.

Хусусан, «Тошкент» автовокзалидан халқаро йўналишларда ҳаракатланувчи автобуслар учун мазкур чегара ўтказиш пунктида махсус «яшил йўлак» ажратилди.

Ушбу тартиб халқаро йўналишларда ҳаракатланувчи автобусларнинг умумий навбатда турмасдан, белгиланган тартибда чегара назоратидан тезкор ўтишини таъминлашга қаратилгани таъкидланди.

Мазкур чора-тадбир йўловчиларнинг чегара ўтказиш пунктида кутиш вақтини қисқартириш, автобус қатновларининг тасдиқланган ҳаракат жадвалига мувофиқ амалга оширилишини таъминлаш ҳамда халқаро йўловчи ташиш хизматлари сифати ва жозибадорлигини оширишга хизмат қилади, — дейилади хабарда.

Ўзбекистон