Ўзбекистон Голливуднинг йирик кинолойиҳаларидан бирига мезбонлик қилиши мумкин

Томонлар жаҳонга машҳур актёрлар иштирокида саргузашт блокбастер суратга олиш имкониятларини муҳокама қилди

Ўзбекистон йирик Голливуд кинолойиҳаларидан бирини суратга олиш майдонига айланиши мумкин, деб хабар бермоқда Туризм қўмитаси матбуот хизмати.

Хусусан, 25-ноябрь куни Тошкент шаҳрида ўз ишини бошлаган «Ипак йўлида туризм» 31-Тошкент халқаро туризм ярмаркаси ҳамда Туризм соҳасида биринчи халқаро инвестиция форуми доирасида Ўзбекистон Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аққулов Голливуднинг таниқли кинопродюсери Ларри Касанофф билан учрашди.

Учрашув доирасида киноиндустрия ва туризм соҳаларида ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган меморандум имзоланди.

Мулоқот давомида Ўзбекистоннинг халқаро киноиндустриядаги иштирокини кенгайтириш, мамлакатнинг бой тарихий-маданий мероси, бетакрор табиий манзаралари ва туризм салоҳиятини жаҳон миқёсида тарғиб этишда йирик кинолойиҳалар имкониятларидан фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.

Хусусан, Country Placement дастури доирасида Ўзбекистонда Голливуднинг илк йирик кинолойиҳаларидан бирини амалга ошириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди. Жаҳонга машҳур актёрлар иштирокида саргузашт жанридаги блокбастер фильмни суратга олиш имкониятлари муҳокама қилиниб, бу жараёнда Ўзбекистон Миллий кинокомиссияси ҳам амалий кўмаклашади.

Сессияда, шунингдек, Ўзбекистоннинг тарихий-маданий мероси, ноёб суратга олиш локациялари ва кино ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш механизмларининг халқаро киноижодкорлар учун жозибадорлиги муҳокама қилинди.

Таъкидланишича, Ларри Касанофф Голливуд киноиндустриясида 35 йилдан ортиқ тажрибага эга бўлиб, «Threshold Entertainment Group» компанияси раиси ва бош ижрочи директори ҳисобланади. У жаҳонга машҳур «Mortal Kombat» франшизасининг яратувчиси, Жеймс Кэмерон билан ҳамкорликда «Lightstorm Entertainment» студиясига асос солган.

Шунингдек, «Terminator 2: Judgment Day» ва Арнольд Шварценеггер иштирокидаги «True Lies» каби машҳур фильмлар яратилишида иштирок этган.

Ўзбекистон