Ўзбекистонликлар профилактика инспекторига алоқа тугмаси орқали мурожаат қилишлари мумкин бўлади
Алоқа тугмалари маҳалладаги профилактика хизмати инспекторлари хоналари эшигининг ташқарисига ўрнатилади

2027 йил 1 февралдан бошлаб фуқаролар учун куннинг исталган вақтида профилактика хизмати инспекторлари билан тез ва тўғридан-тўғри боғланиш имконини берувчи алоқа тугмалари жорий этилади, деб хабар беради Norma.
Ҳужжат билан Фуқаролар томонидан профилактика хизмати инспекторига алоқа тугмалари орқали хабарлар юбориш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Хусусан, профилактика инспекторлари фуқароларнинг мурожаатларини «E-material» ахборот тизимида кўриб чиқиши, улардан овозли шаклда тушунтиришлар олиши, шунингдек, қарорларни электрон шаклда расмийлаштириши ва тасдиқлаши мумкин бўлади.
Алоқа тугмалари маҳалладаги профилактика хизмати инспекторлари хоналари эшигининг ташқарисига ўрнатилади.
Профилактика инспекторига алоқа тугмалари орқали мурожаат қилиш ва унга хабар юбориш билан бир қаторда, ички ишлар органларининг қисқа рақамлари ва «112» ягона диспетчерлик хизматига мурожаат қилишнинг амалдаги тартиби сақлаб қолинмоқда.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 25.11.2026 йилдаги 640-сон қарори билан Ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Ҳужжат билан масъул давлат органлари, шунингдек, таълим ва тиббиёт ташкилотлари томонидан хизмат фаолияти давомида аниқланган ҳуқуқбузарликлар, шу жумладан, хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик, шунингдек, 16 ёшгача бўлган вояга етмаганларнинг никоҳи ва ҳомиладорлик ҳолатлари тўғрисида ички ишлар органлари ва «Инсон» ижтимоий ёрдам марказларини хабардор қилиш тартиби белгиланмоқда.
Низом қуйидаги тартибларни белгилайди:
• қоидабузарлик ҳолатлари тўғрисидаги хабарлар;
• аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари, шунингдек, вояга етмаганларнинг эрта никоҳи ва 16 ёшгача бўлган ҳомиладорлик ҳақидаги хабарлар;
• «112» ягона диспетчерлик хизмати орқали «E-material» электрон тизимига реал вақт режимида хабарларни узатиш;
• шунингдек, ташкилий-ҳуқуқий шакли ва идоравий бўйсунишидан қатъи назар, барча таълим, маданият, спорт ва тиббиёт ташкилотларининг мажбуриятлари.
Ҳужжатлар Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 25.11.2026 йилдан кучга кирди.





