Наманганда эркак қизил китобга киритилган итолғи ва карчиғайни сотмоқчи бўлди: зарар 1,3 млрд сўмга баҳоланди
Ўзбекистон Қизил китобига киритилган ноёб қушлар ихтисослаштирилган питомникка топширилди

Наманганда Қизил китобга киритилган ноёб қушларни сотмоқчи бўлган эркак қўлга олинди. Бу ҳақда Экология қўмитаси матбуот хизмати хабар бермоқда.
Рейд давомида Наманган шаҳар «Янги аср» маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро К.Б. лочинлар оиласига мансуб итолғи йиртқич қушини сотаётган пайтда қўлга олинди. Қолаверса, у яшаш ҳовлисида яна бир ёввойи тур — қарчиғай қушини боқаётганлиги аниқланди.
Маълумот учун, итолғи (лочинлар оиласи) ва қарчиғай (қарчиғайлар оиласи) йўқолиб бораётган ва заиф ҳолатга яқин тур сифатида Ўзбекистон Қизил китоби ҳамда Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқининг Қизил рўйхатига киритилган.
Рейд давомида қушлар Тўрақўрғон туманидаги махсус питомникка топширилди. Шунингдек, хуқуқбузарлар томонидан ҳайвонот дунёсига жами 1,3 миллиард сўмдан зиёд зарар етказилганлиги ҳисобланди.
Ҳолат юзасидан тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳуқуқий баҳо бериш ва тегишли чора кўриш мақсадида прокуратура органларига юборилди.




