Tashkent City қоидалари лойиҳасидан қаровсиз ҳайвонларни озиқлантиришни чеклаш ҳақидаги бандни чиқариб ташлаш режалаштирилмоқда
Қарор ижтимоий тармоқлардаги оммавий танқидлардан сўнг қабул қилинди

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда Ташкент City ҳудудидан фойдаланиш тартибига оид Регламент лойиҳасининг айрим бандлари кенг муҳокама қилинмоқда. Мазкур вазият юзасидан Қурилиш вазирлиги расмий изоҳ берди.
Аввало, мазкур ҳужжатнинг асосий мақсади ҳайвонларни озиқлантиришни тақиқлаш эмас, балки замонавий шаҳар муҳитида аҳоли ва ташриф буюрувчилар учун хавфсиз, озода ва қулай шароит яратишдан иборатлиги таъкидланди.
Шунингдек, ёввойи ҳайвонлар билан эгасиз ит ва мушукларга нисбатан ёндашув бир хил бўлиши мумкин эмаслиги билдирилди. Аммо ушбу тажрибаларнинг умумий жиҳати — инсонлар хавфсизлиги ва ҳайвонлар фаровонлигини бирдек таъминлаш эканлиги таъкидланди.
Шуни алоҳида таъкидлаймизки, муҳокамага қўйилган Регламент ҳали қабул қилинган қарор эмас. Жамоатчилик муҳокамасининг мақсади ҳам билдирилган фикр ва таклифлар асосида ҳужжатни такомиллаштиришдан иборат. Жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда, эгасиз ҳайвонларни озиқлантиришни чеклашга оид бандни Регламент лойиҳасидан чиқариш режалаштирилмоқда, — дейилади хабарда.
Айни пайтда, ҳайвонларни парваришлаш, уларни махсус жойларда озиқлантириш ва санитария талабларини таъминлаш бўйича инсонпарвар ечимларни мутахассислар ҳамда жамоатчилик иштирокида кўриб чиқиш мақсадга мувофиқлиги маълум қилинди.




