Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқида кузатувчи давлат мақомини олди
Ўзбекистон Республикаси 11 декабрь куни Евроосиё иқтисодий иттифоқида кузатувчи давлат мақомини олди. Бу ҳақда «Россия 24» телеканалида тўғридан-тўғри узатилган жонли эфир пайтида маълум қилинди.
Aввалроқ Шавкат Мирзиёев Беларус Республикаси Президенти, Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши раиси Aлександр Лукашенконинг таклифига биноан 2020 йил 11 декабрь куни Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ)нинг видеоанжуман шаклида ўтадиган саммитида иштирок этиши хабар қилинганди.
Шунингдек, тадбирда ЕОИИга аъзо давлатлар — Россия, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Aрманистон, шунингдек, кузатувчи мақомидаги Молдова ва таклиф этилган мамлакат сифатида Куба етакчилари иштирок этган.
Маълумот ўрнида, Евроосиё иқтисодий иттифоқи Aрманистон, Беларус, Россия, Қозоғистон ва Қирғизистон ҳукуматлари ўртасида имзоланган шартнома асосида 2015 йил 1 январда ташкил этилган. Молдова Республикаси 2018 йил 14 майдан буён ЕОИИ учрашувларида кузатувчи мақомида иштирок этиб келади.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йил май ойида Олий Мажлис Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи фаолиятида кузатувчи давлат мақомида иштирок этиши тўғрисидаги таклифни маъқуллаган эди.