Ўзбекистонда реабилитация марказига «ҳимоя ордери» сўраб мурожаат қилган эркаклар сони маълум бўлди
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги матбуот котиби Саодат Боймирзаева 4 ноябрь куни АОКАда ўтказилган брифингда Ўзбекистонда 2020 йилнинг ўтган даври мобайнида жисмоний зўравонликка учраган 168 нафар эркак реабилитация марказига мурожаат йўллаганини маълум қилди. Бу ҳақда брифингда қатнашган «Tez News» мухбири хабар берди.
Таъкидланишича, мамлакатда оғир ижтимоий аҳволда қолган, шу жумладан, оилавий муаммолар ва турмушида зўрлик ишлатилишига дуч келган шахсларга аноним тарзда шошилинч тиббий, руҳий, ижтимоий, педагогик, ҳуқуқий ва бошқа ёрдам кўрсатиш мақсадида Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказлари иш олиб боради. Ҳозирги кунда уларнинг сони республика бўйича 197 тани ташкил этади.
Маълумотларга кўра, 2020 йилнинг январь—сентябрь ойлари давомида ушбу марказларга фуқаролардан 14 849 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 5796 тасига психологик, 3680 тасига юридик, 503 тасига тиббий ва 1 553 тасига бошқа турдаги ёрдам кўрсатилган.
Мурожаат қилганларнинг 2577 нафари билан марказ психологлари иш олиб борган, тиббий ёрдамга муҳтож 497 нафар шахсга биринчи ёрдам кўрсатилиб, тиббиёт муассасаларига юборилган. 442 нафар фуқаро марказлардаги ётоқхоналарга жойлаштирилган ва уларга зарур ёрдамлар кўрсатилган.
Таҳлиллар давомида мурожаатчиларнинг 9870 нафари, яъни 67 фоизга яқини фақатгина юридик ва психологик маслаҳат олиш учун мурожаат қилгани ва уларнинг мурожаатларида зўравонликка учраш аломатлари йўқлиги аниқланган.
Мазкур мазмундаги мурожаат эгаларига 2000 та ҳуқуқий ёрдам, хусусан, 1539 тасига ҳуқуқшунослар томонидан маслаҳатлар берилган. 217 нафар фуқарога турли мазмундаги ҳуқуқий ҳужжатларни расмийлаштиришда, 189 нафар фуқаронинг «ҳимоя ордери» олишида ёрдам берилган. 55 нафарига суд ва бошқа идораларда ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда вакиллик қилинган.
Қайд этилишича, мазкур турдаги марказларга эркаклар ва ҳатто болаларнинг мурожаат қилиши ҳолатлари кузатилмоқда. 2020 йилнинг ўтган даври мобайнида жисмоний зўравонликка учраган 18 нафар бола ва 168 нафар эркак мурожаати қабул қилинган.
Таҳлилларга кўра, жисмоний зўравонлик асосан оилаларда содир этилиб, эр-хотин, қайнана-келин ёки куёв ўртасидаги турли можаролар оқибатида юзага келмоқда.
Аввалроқ Бухорода ажрашган ва ажрашиш ёқасида бўлган салкам 17 минг оила яраштирилгани ҳақида хабар берилган.