Самарқандда 28 минг нафар ўқитувчи гриппга қарши эмланди

Самарқандда 19 октябрга қадар 28 минг нафар мактаб ўқитувчиси гриппга қарши эмланди. Бу ҳақда Самарқанд вилояти Халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Самарқанд вилояти Халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати

Хабарга кўра, Самарқанд вилояти Халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги умумтаълим муассасалари ўқитувчи ва ходимлари грипп ва ўткир респиратор инфекцияларга қарши эмланяпти. Қайд этилишича, гриппга қарши эмлаш ишларини ташкил этиш учун таълим ва соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи звеноси томонидан эмлаш пунктлари талаб даражасида тайёрланган. Зарур бўлган тиббиёт буюмлари ва биринчи ёрдам кўрсатиш учун дори-дармонлар билан таъминланган. Шунингдек, тиббиёт хонаси мавжуд бўлмаган мактабларда гриппга қарши эмлаш ишларини ташкил этиш учун алоҳида хоналар ажратилган.

«Қўшма қарор ижросини таъминлаш мақсадида айни пайтга қадар мактабларимизнинг 28 минг нафар педагог ходимлари гриппга қарши эмланди. Мазкур жараёнда, биринчи навбатда, бошланғич синф ўқитувчилари эмланмоқда. Ундан сўнг, албатта, катта синф ўқитувчиларини ҳам гриппга қарши эмлаш давом этади. Ушбу йўналишда олиб борилаётган барча ишлар кунлик мониторинг қилиб борилмоқда», — дейди вилоят Халқ таълими бошқармасининг соғлом овқатлантиришни ташкил этиш ва тиббий хизмат кўрсатишни мувофиқлаштириш шўъбаси мудири Муродилла Яқубов.

Маълумот ўрнида, вилоят халқ таълими тизимида 56 526 нафар педагог ва мураббий меҳнат қилмоқда.

Маълум бўлишича, эмлаш чораси соғлиқни сақлаш ҳамда Халқ таълими вазирликларининг 2020 йил 2 октябрдаги «Умумтаълим муассасаларида грипп ва ўткир респиратор инфекцияларнинг мавсумига тайёргарлик кўриш, умумтаълим муассасалари ўқитувчи ҳамда ходимларини гриппга қарши эмлаш ишларини ташкил этиш тўғрисида»ги қўшма қарорига асосан олиб бориляпти.

Аввалроқ Фарғонада 5 ёшгача бўлган болалар қизамиққа қарши эмлангани, Ўзбекистонда ўқитувчи ва шифокорларга 1 миллион дозадан ортиқ гриппга қарши вакцина етказиб берилиши ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар