Самарқанддаги рейдларда ноқонуний дорихона ва дорифурушлар фаолиятига чек қўйилди
Самарқанд шаҳри ва Қўшработ туманларида ўтказилган рейд тадбирлари давомида ноқонуний дорихона ва дорифурушлар фаолиятига чек қўйилди.
Маълум қилинишича, Қўшработ туманида ўтказилган рейдда Ҳабиба Қаландарова (исм, фамилиялар шартли) ўз уйининг ёрдамчи хўжалик хонасида ноқонуний равишда дорихона ташкил этганлиги аниқланган.
Тегишли тартибда рўйхатдан ўтмасдан, лицензиясиз фаолият олиб бораётган мазкур «дорихона»да 106 турдаги, жумладан COVID-19 касаллигига қарши курашишда фойдаланиладиган 10 турдаги 3 миллион 700 минг сўмлик дори воситалари ашёвий далил сифатида олинган.
Шунингдек, Самарқанд шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда Сурхондарё вилояти Узун туманида яшовчи Жасур Каримов Гагарин кўчасидаги кўп қаватли уй ҳовлисида ноқонуний равишда дори воситалари савдоси билан шуғулланаётгани аниқланди. У ижтимоий тармоқ орқали буюртма асосида етказиб берилган чакана баҳоси 300 минг сўм бўлган “Клексан-4000” дори воситасини қиммат нархда, яъни қутисини 1 миллион 200 минг сўмдан, жами 27 қути дори воситасини 32 миллион 400 минг сўмга сотган вақтда холислар иштирокида ушланган.
Жасур Каримовдан ноқонуний сотиш учун тайёрлаб қўйилган COVID-19 касаллигига қарши курашишда фойдаланишда тавсия қилинган 99 қути, қиймати 40 миллион 600 минг сўмлик «Клексан-4000», «Клексан-2000» ва «Имудон» дори воситалари ашёвий далил сифатида масала қонуний ҳал бўлгунга қадар вақтинча олиб қўйилган.
Аниқланган ҳолатлар юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётгани маълум қилинди.