«Аёл киши ўз ўрнини билиши керак»: россиялик тревел-блогер Ўзбекистондаги никоҳлар ҳақида сўзлаб берди

У биринчи ўринда деярли барча ўзбек хонадонларида оила боши қайнона ҳисобланишига эътибор қаратди.

Россиялик саёҳатчи аёл Ўзбекистонга ташриф буюрди ва «Дзен» платформасидаги шахсий блогида ўз таассуротлари билан бўлишди.

Россиялик аёл мамлакатдаги бир нечта оилани кузатишга муваффақ бўлди  ва «аёл киши оилада ўз ўрнини билиши керак» деган хулосага келди.

«Деярли барча оилаларда қайнона — бош. Унга гап қайтариш мумкинмас ва итоат этиш шарт. Қайнона нима деса, шу тўғри. Бошқа танлов йўқ. Келин чидашдан ва ўзи қайнона бўлиб, келиндан аламини олишни кутишдан бошқа иложи йўқ. Мана шундай ёпиқ занжир ҳосил бўлади», – деб ёзди у.

Сайёҳ аёлнинг сўзларига кўра, баъзи оилаларда аёллар ҳали ҳам эри уйга кирса, ўрнидан туриши керак.

«Аёлнинг асосий вазифаси — эрини қўллаб-қувватлаб, унинг уйдаги қулайлиги ва шинамлиги ҳақида қайғуриш. Устига-устак, бола ҳам туғиш керак, чунки бола — бу улкан мақом. Кўп оилаларда (табиийки, ҳаммасида эмас) ҳали ҳам аёл, эски одатларга кўра, эри хонага кирганида ўрнидан туриши, давраларда алоҳида дастурхонда ўтириши керак. Бундан ташқари, менга бир киракаш хотини олд ўриндиққа ўтиришига рухсат бермаслигини айтиб қолди. Назаримда, бу хотинининг хавфсизлиги ҳақида қаттиқ қайғурганидан эмас. Шунчаки мумкин эмас. Аёл киши ўз ўрнини билиши керак», – қўшиб ўтди қиз.

Сайёҳ аёл ўзбек қизларини болаликдан мазали таом пиширишни ва уйда озодаликни сақлашни ўргатишларига эътиборини қаратди. Шунга қарамай, унинг фикрига кўра, аёллар маҳорат билан эрини йўлига солади ва доим ўз истаганига эришади.

Ҳаёт