Янгийўлда қидирилаётган бола «Жўн ариқ» каналидан жонсиз ҳолатда топилди
Тошкент вилояти Янгийўл туманида 2020 йил 9 август куни бедарак йўқолганлиги маълум бўлган 2018 йилда туғилган бола 12 август куни «Жўн ариқ» каналидан жонсиз ҳолатда топилди. Бу ҳақда Янгийўл тумани прокуратураси «Tez News»га маълум қилди.
Маълум бўлишича, Янгийўл тумани Ички ишлар бўлими навбатчилик қисмига 2020 йил 9 август куни соат тахминан 20:00 да Янгийўл тумани «Қўштепа» МФЙ Ўзбекистон кўчаси 7-уйда яшовчи фуқаро М.О.дан 2018 йилда туғилган набираси У.Р. уйдан номаълум томонга чиқиб кетиб, бедарак йўқолганлиги ҳақида мурожаат қилган.
Мазкур мурожаатга асосан туман прокурори ўринбосари, туман прокурори катта ёрдамчиси ва туман ИИБ тезкор ходимлари томонидан воқеа жойи кўздан кечирилиб, ҳолат юзасидан тушунтириш хатлари олинган. Шунингдек, терговга қадар текширув давомида 2004 йилда туғилган вояга етмаган О.Х. Янгийўл шаҳар «Файзобод» МФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи «Жўн ариқ» каналида ёши тахминан 1,5-2 ёш бўлган бола танаси сувда кўринганлиги, сузишни билмаганлиги сабабли бола мурдасини сувдан олиб чиқа олмаганлигини ўз тушунтириш хатида баён қилган.
Шу билан бирга, туман прокуратураси, туман ИИБ ва туман фавқулодда вазиятлар бўлими билан ҳамкорликда «Жўн ариқ» канали суви 3 соатга тўхтатиб қўйилиб, сувда бола мурдасини қидириш ишлари ташкиллаштирилган. 2020 йил 12 август куни «Жўн ариқ» каналидан 2018 йилда туғилган У.Р.нинг мурдаси жонсиз ҳолатда топилган.
Мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётганлиги маълум қилинган.
Аввалроқ Тошкентда косметология салонига чиқиб кетиб, қайтмагач, қидирувга берилган олмазорлик қиз топилгани ҳақида хабар берилганди.