Янгиқўрғонда 60 млн сўмлик қўлқоп ҳамда ёндиргичларни Ўзбекистонга олиб кирмоқчи бўлганлар қўлга олинди

Наманган вилояти Янгиқўрғон туманида ўткаилган тадбир давомида 60 миллион сўмлик қўлқоп ҳамда ёндиргични яширинча олиб кирмоқчи бўлган фуқаролар қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати «Tez News»га хабар берди.

Фото: Наманган вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати

Таъкидланишича, Наманган вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари билан ҳамкорликда Янгиқўрғон туманида тезкор тадбир ўтказди. Тадбир давомида фуқаро И.М. бошқарувидаги «Cobalt» автомашина тўхтатилиб, белгиланган тартибда кўздан кечирилди. Натижада ушбу автомашинанинг салони ва юкхонасида хорижда ишлаб чиқарилган, тегишли ҳужжатлари бўлмаган умумий қиймати 30 миллион сўмлик 10 364 дона ёндиргич товарлари борлиги аниқланди.

Яна бир ҳолатда фуқаро А.Б. бошқарувидаги «Isuzu» юк автомашинаси белгиланган тартибда кўздан кечирилди. Натижада ушбу юк автомашинанинг юкхонасида хорижда ишлаб чиқарилган, тегишли ҳужжатлари бўлмаган, умумий қиймати 30 миллион сўмлик 5544 дона қурилишда фойдаланиладиган қўлқоплар борлиги аниқланди.

Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Аввалроқ Ўзбекистонга 86 миллион сўмлик машина «запчасть»ларини ноқонуний олиб кирмоқчи бўлган эркак Сирдарёда ушлангани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар