Фарғонадаги ёнғинда 6 киши ҳалок бўлди. Президент комиссия жўнатди
Бугун, 29 июль куни Фарғонадаги 4 қаватли бинонинг ер тўласида жойлашган караоке кафесида ёнғин чиқди. Оқибатда 6 киши ҳалок бўлди.
Айтилишича, бугун соат 11:39 да Фарғона вилояти Фарғона шаҳар “Машъал” МФЙ Сайилгоҳ кўчасидаги 4 қаватли бинонинг ер тўласида жойлашган караоке кафесида ёнғин содир бўлаётганлиги тўғрисида ФВБга хабар тушган.
Шунга кўра 6 та ёнғин-қутқарув экипажи 11:44 да воқеа жойига етиб бориб, ёнғин соат 11:48 қуршаб олинган ва соат 11:56 да тўлиқ бартараф этилган.
Ҳодиса оқибатида 6 нафар фуқаро ҳалок бўлган, 7 нафар фуқаро турли даражадаги тан жароҳатлари билан шифохонага юборилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириғига асосан содир бўлган воқеани ўрганиш ва жабрланганларга ёрдам кўрсатиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Раматов бошчилигида Ҳукумат комиссияси тузилган ва Фарғона вилоятига жўнаб кетган.