Тошкентда кучли таъсир қилувчи дориларни ноқонуний сотмоқчи бўлган шахс қўлга олинди
Кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний айланишига қарши кураш доирасида бир шахс қўлга олинди. Бу ҳақда ДХХ ахборот хизмати хабар берди.
Маълумотларга кўра, Тошкент вилоятининг Оҳангарон шаҳрида яшовчи шахснинг Янгиҳаёт туманидаги ижарада яшаб турган хонадони кўздан кечирилган. Текширувда у ерда сотиш мақсадида сақлаб келинаётган 16 249 дона «Зардекс» номли кучли таъсир қилувчи дорилар аниқланиб, далилий ашё сифатида олиб қўйилган.
Терговга кўра, ушбу дорилар илгари Telegram орқали савдо қилувчи шахс томонидан Сергели туманидаги яширин жойга қолдириб кетилган. Қўлга олинган фуқаро позицияларни олиб, уларни сотганидан сўнг наркосавдогарга $16 минг бериши керак бўлган.
«Зардекс» таркибида прегабалин моддаси мавжуд бўлиб, у Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йилдаги қарорига мувофиқ кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатига киритилган.
Ҳозирда мазкур фуқаро устидан Жиноят кодексининг 251-1-моддаси 5-қисми (кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда эгаллаш) бўйича жиноят иши қўзғатилиб, унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.
Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.