Aсаджон Ходжаев журналист ва блогерлардан диний адоватни тарғиб қилувчи материалларда провокацияга берилмасликни сўради
AОКA раҳбари Aсаджон Ходжаев 29 октябрь куни оммавий ахборот воситалари, журналист ва блоггерлардан ижтимоий тармоқларда тарқалган ирқий, этник ёки диний адоватни тарғиб қилувчи материалларда провокацияга берилмасликни сўради. У бу ҳақда ўзининг Facebook’даги саҳифасида пост қолдирди.
«Ҳозирда ижтимоий тармоқларда миллий, ирқий, этник ёки диний адоватни тарғиб қилувчи турли хил фото ва видео материаллар фаол равишда тарқатилмоқда. Бундай материалларни тарқатиш — қонунга мувофиқ тақиқланган. Лекин айрим фуқароларимиз ушбу фотосуратлар ва видеофильмларни ўз гуруҳларида ёки саҳифаларида жойлаштириб, бошқа кўплаб ўқувчиларга ушбу материални кўриш имкониятини яратиб бермоқдалар. Баъзан эса бу материаллар оммавий ахборот воситалари томонидан ҳам эълон қилинаётгани кузатилмоқда», — дейди AОКA раҳбари.
Aсаджон Ходжаев бундай ҳолатда фуқаролар ўзлари билмаган ҳолда, қонун билан тақиқланган маълумотларни тарқатишнинг билвосита иштирокчисига айланиши ва тақиқланган маълумотларнинг тарқалиши учун жавобгар бўлиб қолишлари мумкинлигини таъкидлаган.
«Шу боис оммавий ахборот воситалари, журналистлар ва блоггерлардан бундай нозик масалаларга жавоб беришда алоҳида эътибор қаратишни ва муҳокамаларда провокацияга берилмасликни сўрайман», — дея ёзган Aсаджон Ходжаев.
Аввалроқ ИИВ диний экстремистик маълумотларни тайёрлаш ва тарқатиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлишини эслатганди. Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Муҳаммад пайғамбар ҳақидаги карикатура билан боғлиқ баҳсларга муносабат билдиргани ҳақида хабар берилганди.