Ўзбекистон мусулмонлари идораси Муҳаммад пайғамбар ҳақидаги карикатура билан боғлиқ баҳсларга муносабат билдирди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Францияда Пайғамбар алайҳиссаломга нисбатан ҳурматсизлик кўрсатилиши ортидан ижтимоий тармоқларда бошланган баҳс-мунозаралар ва ихтилофли ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

«Айни шу кунларда айрим босма нашрларда, турли интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқ саҳифаларида Пайғамбар алайҳиссаломга нисбатан номуносиб, ҳақоратомуз карикатура чоп этилиши ва унинг ортидан келиб чиққан турли кўнгилсиз ҳолатлар айрим баҳс-мунозаралар, ихтилоф ва тушунмовчиликлар ҳамда нотўғри хатти-ҳаракатларга сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси мўмин-мусулмонларнинг ҳиссиётини қўзғаш, фитна чиқариш ва диний қадриятлар, муқаддасотларга нисбатан ҳақоратни ифодаловчи ҳар қандай ҳолатни жиддий қоралашини ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шаъни мўмин-мусулмонлар учун энг олий қадрият эканини қатъий таъкидлайди», дейилади идора муносабатида.

Шунингдек, бу каби муносабатлар халқлар ўртасидаги ўзаро тотувликни бузишга қаратилган фитна ҳамда одамларнинг диний эътиқоди билан боғлиқ ҳис-туйғуларини ҳақоратлаш, диний қадриятларни оёқости қилиш, миллатлараро ва динлараро адоват уйғотиш, деб баҳоланган.

Қайд этилишича, 23 октябрдан бошлаб, Яқин Шарқда Франция ва француз маҳсулотларини бойкот қилишга чақириқлар тарқалмоқда. Норозиликка Франция президенти Эммануэл Макроннинг мамлакат сўз эркинлиги, шу жумладан, мултфилмлардан воз кечмайди деган баёнотлари сабаб бўлди. Чарлие Ҳебдо мултфилмлари ўтган ҳафта Монпелье ва Тулузадаги ҳукумат биноларида намойиш этилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг хулоса қилишича, мусулмон киши ҳадисларда келтирилганидек, доимо ҳушёр, зийрак бўлиши, атрофда содир бўлаётган ҳар хил фитна ва қалтис жараёнларга теран назар билан боқиши лозим. Бундай ҳаракатларга нисбатан тажовузкорона эмас, балки Пайғамбар алайҳиссаломга хос босиқлик ва зукколик билан муносабат билдириш керак.

Аввалроқ Францияда шогирдларига Муҳаммад пайғамбарнинг карикатураларини кўрсатган ўқитувчининг боши кесилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар